Саудия Арабистонида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогининг “C” гуруҳи 3-тур учрашувлари якунланди.
Унда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушди.
“Prince Faisal Bin Fahd” стадионида ўтган мазкур ўйинда футболчиларимиз 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Терма жамоамизга ғалаба келтирган голларга Беҳруз Каримов, Саидумархон Саиднуруллаев муаллифлик қилди.

Шунингдек, гуруҳдаги иккинчи учрашувда Эрон – Ливан ўзаро тўқнаш келди ва 0:1 ҳисоби қайд этилди.
Шу тариқа, “С” гуруҳида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 7 очко жамғариб, 1-ўринни эгаллади. Жанубий Корея эса 4 очко билан иккинчи бўлди. Ливан 3, Эрон 2 очко билан гуруҳ босқичида қолиб кетди.
Осиё кубогининг чорак финал босқичида Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари “D” гуруҳи вакилларига қарши майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА