Ўзбекистон U17 терма жамоаси ҳозирда Тошкентдаги Миллий футбол марказида ўқув-машғулот йиғинини давом эттирмоқда. “U17 Asian Cup” мусобақасига тайёргарликнинг иккинчи қисми Марокашнинг Работ шаҳрида ташкил этилади.

Унда футболчиларимиз мезбонлар терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё кубогида “D” гуруҳидан жой олган.
***
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 3-тури доирасида қатор учрашувлар ўтказилди. Жумладан, “Нефтчи” — “Андижон” 3:0, “Машъал” — “Қизилқум” 0:2, “Пахтакор” — “Навбаҳор” 0:2 ҳисоблари қайд этилди.
Бугун, 11 март куни “Сурхон” — “Бунёдкор”, “Локомотив” — “Қўқон-1912” ва “Бухоро” — “Хоразм” учрашувлари бўлиб ўтади.
***
"Сўғдиёна" ҳужумчиси Люпчо Дориев Шимолий Македония терма жамоасидан чақирув олди.
Терма жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионати Европа саралаш босқичи доирасида 26 март куни Данияга қарши (Копенгаген) ҳамда 31 март куни Ирландияга қарши (Дублин) учрашувларда майдонга тушади.
***
Футбол бўйича УЕФА Чемпионлар лигасининг нимчорак финали дастлабки учрашувлари бўлиб ўтди. Учрашувларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Атлетико» — «Тоттенҳэм» 5:2,
«Галатасарой» — «Ливерпуль» 1:0,
«Аталанта» — «Бавария» 1:6,
«Ньюкасл» — «Барселона» 1:1 .
Бугун эса нимчорак финалдан ўрин олган «Байер» — «Арсенал», «ПСЖ» — «Челси», «Реал Мадрид» — «Манчестер Сити» ҳамда «Будё-Глимт» — «Спортинг» учрашувлари бўлиб ўтади.
***

Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси Австралияда ўтаётган Осиё кубогининг чорак финалида Жанубий Кореяга қарши майдонга тушиши ҳақида хабар берган эдик. Мазкур учрашув 14 март куни Сидней шаҳридаги “Stadium Australia” аренасида бўлиб ўтади.
***
БАА Про-лигаси 19-тур доирасида "Ал-Батаэҳ" — "Ажман" ўйини бўлиб ўтди. Мезбонлар сафида ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Азиз Ғаниев ўйинни асосий таркибда бошлади ва тўлиқ ҳаракат қилди.
Мезбонлар ўйинчиси Марван Фаҳаднинг 9-дақиқада урган голи баҳсда ягоналигини сақлаб қолди. “Ал-Батаэҳ” БАА чемпионатида 19 ўйиндан сўнг 16 очко жамғарган ҳолда жадвалнинг 13-ўрнида бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА