Навоийнинг «Қизилқум» клуби Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган халқаро турнирда муносиб иштирок этиб, вице-чемпионга айланди.
Мазкур мусобақанинг ярим финалида «Қизилқум» жамоаси «ИМТ Белград» жамоасини 3:0 ҳисобида таслим этди. Сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида эса «Урал» жамоасига 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, Жамшид Саидов шогирдлари халқаро мусобақада иккинчи ўринни эгаллади.
***
Германияда ўтаётган Европа чемпионатининг финал баҳсини 35 ёшли франциялик ҳакам Франсуа Летексье бошқарадиган бўлди. Унга қанотларда ҳамюртлари Сирил Мюне ва Меди Рамуни ёрдам берса, VAR ҳакамлари сифатида Жером Бризар, Вилли Дежало ва Массимилиано Иррати ишлайдиган бўлди.
Финал учрашуви 14 июль куни Испания ва Англия ўртасида бўлиб ўтади.
***
Украина футбол ассоциацияси ижроия қўмитаси миллий терма жамоа Миллатлар лигасида уй ўйинларини ўтказадиган давлатлар номини эълон қилди.
Унга кўра, Сергей Ребров бошчилигидаги Украина миллий терма жамоаси «B» лигасининг 1-гуруҳидан жой олган бўлиб, 7 сентябрь куни Чехияда Албанияни, 11 ва 14 октябрь кунлари Польша мамлакатида Грузия ва Чехияни қабул қилади.
***
«Реал Мадрид» клуби ва Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем узоқ муддатга сафдан чиқиши мумкин. Бунга сабаб елкасидан олган жароҳатдир.
Айни дамда футболчи елкасидаги оғриқлардан азият чекмоқда. Англиялик футболчи Европа чемпионати финалидан сўнг операция қилиниши мумкин. Агар жарроҳлик амалиёти амалга оширилса, Жуд камида икки ой майдонга туша олмайди.
«Реал Мадрид» раҳбарияти Беллингемнинг операцияси бўйича якуний позицияни Европа чемпионати якунланганидан кейин ҳал қилади. Ярим ҳимоячи мадридликлар сафидаги илк мавсумдаёқ Европа чемпионлар лигаси, Испания Ла Лигаси ва Испания Суперкубогида ғолиб чиқди.

***
«Ливерпуль» навбатдаги мавсумга янги бош мураббий Арне Слотт қўл остида тайёрланмоқда. Янги мураббийлар штаби ва клуб раҳбарияти қарорига кўра, Муҳаммад Салоҳ, Виржил ван Дейк ва Александер-Арнольд каби футболчилар жамоани тарк этмайдиган бўлди ва улар борасидаги ҳар қандай таклиф кўриб чиқилмаслигига келишиб олинди.
Маълумот ўрнида: «Ливерпуль» янги мавсумдаги илк расмий учрашувини 17 август куни Англия Премьер-лигаси дебютанти «Ипсвич» майдонида ўтказади.

***
"Манчестер Юнайтед"нинг бразилиялик ярим ҳимоячиси Каземиро фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин. Унга "Ал-Иттиҳод" клуби қизиқмоқда. Аммо ҳали ушбу клуб ва футболчи ўртасида расмий музокаралар ўтказилмаган.
Бразилиялик футболчи ўтган мавсум "МЮ" сафида жами 32 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 5 марта ишғол қилди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.
Каземиронинг "Манчестер Юнайтед" билан шартномаси 2026 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Трансфермаркт интернет портали футболчининг нархини 20 миллион еврога баҳоламоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА