Бугунги кунда аҳоли турли товар ва хизматлардан фойдаланиш жараёнида истеъмолчи сифатида белгиланган ҳуқуқларга эга. Ушбу ҳуқуқларни билиш ва улардан тўғри фойдаланиш истеъмолчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи фуқаро Ж.М. тумандаги савдо мажмуаларидан биридан қиймати 25 миллион сўм бўлган “электромуровей” харид қилган. Бироқ маълум вақт ўтиб, мазкур техника воситаси носоз ҳолатга келиб қолган. Фуқаронинг дўкон ходимларига қилган бир неча маротаба мурожаатларига қарамай, муаммо ўз вақтида ҳал этилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан тушган мурожаат Миришкор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди. Текширув жараёнида “электромуровей” ҳақиқатан ҳам носоз экани тасдиқланди. Савдо дўкони сотувчисига истеъмолчилар ҳуқуқларига оид амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилиб, фуқаронинг қонуний талаби ижобий ҳал этилди.
Натижада қиймати 25 миллион сўм бўлган носоз “электромуровей” истеъмолчига шу турдаги янги ва яроқли маҳсулотга алмаштириб берилди.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий онги ва фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш орқали ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ҳисобланади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири