Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, одил судловни халқ манфаатларига янада яқинлаштириш ҳамда суд жараёнларининг самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Хусусан, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш доирасида “рақамли суд” концепцияцини жорий этиш, суд жараёнларида инсон омилини қисқартириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масалалари алоҳида таъкидланди.
Ушбу масалалар юзасидан Тошкент давлат юридик университети докторанти Дилдора Қаюмбердиева қуйидаги фикрларни билдирди:
– Мазкур вазифалар фуқаролик ишлари бўйича судларда иш юритишнинг соддалаштирилган тартибини ривожлантириш ва такомиллаштириш билан узвий боғлиқдир. Чунки соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти, аввало, суд ишларини тезкор, кам харажатли ва процессуал жиҳатдан самарали кўриб чиқишга хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш, судларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ҳамда суд юкламасини камайтириш имконини беради.
Президент Мурожаатномасида суд жараёнларини рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Ушбу нуқтаи назардан, фуқаролик ишларида соддалаштирилган тартибда иш юритиш механизмларини электрон суд тизимлари билан уйғунлаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Масалан, даъво аризаларини электрон шаклда топшириш, иш материалларини масофадан туриб кўриб чиқиш, суд ҳужжатларини автоматлаштирилган тарзда тайёрлаш ва етказиш соддалаштирилган тартибнинг самарадорлигини янада оширади.
Шунингдек, Мурожаатномада суд қарорларининг ижросини таъминлаш масаласи адолатли судловнинг ажралмас қисми сифатида баҳоланди. Фуқаролик ишлари бўйича соддалаштирилган тартибда чиқарилган суд қарорлари ижросининг тез ва самарали амалга оширилиши, бир томондан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий ишончини мустаҳкамласа, иккинчи томондан, суд-ҳуқуқ тизимининг реал таъсирчанлигини оширади. Бу борада мажбурий ижро жараёнларига муқобил механизмлар ва рақамли технологияларни жорий этиш соддалаштирилган иш юритиш институтининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Мурожаатномасида белгиланган суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш, “рақамли суд” концепциясини жорий этиш ва одил судловни халқ манфаатларига яқинлаштириш вазифалари фуқаролик ишлари бўйича судларда соддалаштирилган тартибда иш юритиш институтини назарий ва амалий жиҳатдан чуқур ўрганиш ҳамда уни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтиради. Мазкур институт судловнинг тезкорлиги, очиқлиги ва адолатлилигини таъминлашда муҳим восита бўлиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарали амалга оширилишига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА