Ҳуқуқий муносабат

Маълумотларга кўра, суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган фуқаро мажбурий келтирилиши мумкин.
Хўш, мажбурий келтириш кимлар учун қўлланилмайди? Мажбурий келтиришни ижро этиш вақтида қонуний талабларга қаршилик кўрсатилганда ички ишлар органи ходимида қандай ҳуқуқлар бор?
Мавзу юзасидан Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов билан суҳбатлашдик.
–Мазкур саволга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки судга узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортган шахсларни мажбурий келтириш тўғрисида”ги низомга асосан жавоб бериш мумкин.
Мажбурий келтириш учун суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг мажбурий келтириш тўғрисидаги қарори ҳамда жиноят, маъмурий ёки фуқаролик ишлари бўйича суднинг ажрими асос ҳисобланади.
–Фуқаролик процессуал кодексига кўра мажбурий келтирилиш қоидалари кимларга нисбатан қўлланилмайди?
–Фуқаролик процессуал кодексининг 144-моддасига мувофиқ мажбурий келтириш вояга етмаганларга, ҳомиладор аёлларга, касаллиги, ёши ёки бошқа узрли сабабларга кўра суд мажлисига кела олмайдиган шахсларга қўлланилмайди.
Жиноят ишларида вояга етмаган шахсларни мажбурий келтириш ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар орқали амалга оширилиши лозим. Ички ишлар органи ходими мажбурий келтиришни амалга ошираётганида келтирилиши лозим бўлган вояга етмаган шахснинг ота-онасини ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) билан таништириб, бу ҳақда имзо чектириши керак бўлади.
– Жиноят процессуал кодексига кўра, мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор ёки ажримда нималар кўрсатилиши керак?
–Мажбурий келтирилиши керак бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг процессуал мавқеи, яшаш ёки иш жойи, мажбурий келтириш учун асослар, шахсни қаерга ва қачон олиб келиш кераклиги, мажбурий келтириш кимга топширилгани кўрсатилган бўлиши лозим.
– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ мажбурий келтириш тўғрисидаги ажримда нималар назарда тутилиши лозим?
–Ажримнинг чиқарилган вақти ва жойи, суднинг номи, судьянинг фамилияси, исми ва отасининг исми, суд мажлисининг котиби, ишда иштирок этувчи шахслар, низо предмети ва ажрим билан ҳал қилинадиган масаланинг моҳияти, суднинг хулосасига олиб келган асослар ва суд амал қилган қонунлар ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар, шунингдек, суднинг ҳал этилаётган масала юзасидан хулосаси, ажрим устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати.
–Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарор (ажрим) келиб тушгандан сўнг қандай ҳаракатлар амалга оширилади?
–Қарор (ажрим) келиб тушган куннинг ўзида ички ишлар органининг котибиятида юритилган махсус журналда рўйхатга олинади ва ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини вақтинча бажарувчи шахс томонидан ижро этиш учун профилактика инспектори ёки жиноят қидирув ходимига топширилади ва ижроси назорат қилинади.
–Шахсни мажбурий келтириш қайси вақт оралиғида амалга оширилади ҳамда мустасно ҳолатлар ҳам мавжудми?
–Шахсни мажбурий келтириш соат 06:00 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғида амалга оширилади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки аниқ яшаш жойи бўлмаган тақдирда бу вақт оралиғидан ташқари ҳам мажбурий келтирилиши мумкин.
–Мажбурий келтиришни ижро этиш вақтида қонуний талабларга қаршилик кўрсатилганда ички ишлар органи ходимида қандай ҳуқуқлар мавжуд бўлади?
–“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ жисмоний куч, махсус восита ва ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга.
Мазкур ҳолда баённома тузилади ва унда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, вақти ва жойи ҳамда шахсга нисбатан қўлланилган чоралар кўрсатилади. Жисмоний куч ва махсус восита қўлланилганлиги ҳақида икки кун муддатда, ўқотар қурол қўлланилганлиги ҳақида 24 соатда билдирги билан бирга баённома ички ишлар органи бошлиғига тақдим этилади. Бу ҳақда мажбурий келтириш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарган суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд хабардор қилинади.
– Мажбурий келтириш билан боғлиқ харажатлар мажбурий келтирилган шахсдан кимнинг фойдасига ундирилади?
–Суд тартибида давлат фойдасига ундирилади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга чақирилганда келмаган процесс иштирокчисидан — ишнинг судда кўрилиши ёки тергов ҳаракатлари ўтказилиши унинг узрсиз сабабларга кўра келмаслиги оқибатида кечиктирилган ҳолларда ҳам процессуал чиқимлар суд тартибида давлат фойдасига ундирилади.
– Мажбурий келтириш учун қилинган процессуал чиқимларни ундириш тартиби қандай?
–Мажбурий келтириш тўғрисидаги қарорни ижро этган ички ишлар органи ходими қилинган харажатлар ҳақидаги маълумотномани икки кун ичида ички ишлар органларининг молия бўлинмаларидан олиши ва ундириш чорасини кўриш учун суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга тақдим этиши шарт.
Мажбурий келтириш учун қилинган харажатлар ҳақидаги маълумотнома ички ишлар органларининг молия бўлинмалари томонидан имзоланган ва гербли муҳр қўйилган бўлиши лозим.
Гулноза Бобоева, ЎзА