"Ҳужжатларни қандай расмийлаштираман?", "Қайси идорага мурожаат қилишим керак?", "Электрон рақамли имзони қаердан ва қандай оламан?" — бу каби саволлар ҳар бир фуқарони бир пайтлар ўйлантирган. Эътиборлиси, энди бундай муаммолар жойнинг ўзида ечимини топмоқда.
Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси ташаббуси билан Янгиер шаҳрининг “Давлатобод” маҳалласида Ховос тумани ва Янгиер шаҳар аҳолиси учун навбатдаги сайёр ҳуқуқий қабул ташкил этилди. Унда адлия органлари, давлат хизматлари марказлари ҳамда малакали ҳуқуқшунос мутахассислар иштирок этиб, аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатишди.

Сайёр давлат хизматлари давомида фуқаролар электрон рақамли имзо олиш тартиби, ерга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мерос, уй-жой, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил тушунтиришлар ва аниқ жавоблар олишди.
Қайд этиш жоиз, мурожаатларнинг сони ва мазмун жиҳатдан хилма-хиллиги аҳоли ўртасида ҳуқуқий билим ва маслаҳатларга бўлган эҳтиёж юқори эканини яна бир бор кўрсатди. Айрим фуқароларга жойидаёқ ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш бўйича ёрдам берилди. Талаб этилган ҳужжатлар шакллантирилди, тегишли идораларга мурожаат қилиш бўйича тавсиялар берилди.

– Сайёр давлат хизматлари орқали фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошиб, муаммолари тезда ҳал этиляпти, – дейди Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шуъбаси бош маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова. – Бу нафақат ҳуқуқий билимини ошириш, балки давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир доирасида қабул қилинган мурожаатлардан баъзилари шу ернинг ўзида ҳал этилди, ечим талаб қилувчи масалалар эса назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга юборилди. Қабул очиқ ва бепул тарзда ўтказилгани аҳолига қулайлик яратиб, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олди.
Айни пайтда бундай Сайёр давлат хизматлари нафақат Янгиер шаҳрида, балки Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида мунтазам равишда ташкил этилмоқда. Бу каби жараёнлар ҳуқуқий ёрдамни янада аҳолига янада яқинлаштириш, ҳар бир фуқарога ўз муаммосини эркин баён этиш ва ечим топиш имконини бермоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири