Маълумотларга қараганда, 2023 йилда киберхавфсизлик йўналишида 6 минг 455 жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 76 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқ.
2024 йил давомида киберхавфсизлик йўналишида (банк картаси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан) фуқаролар томонидан 57 минг 480 мурожаат йўлланган бўлиб, шундан 36 минг 444 таси ўғрилик ва 21 минг 36 таси фирибгарлик жинояти билан боғлиқ.
Шу билан бирга, фуқароларнинг номига уларнинг хабарисиз кредитларни расмийлаштириш ва тақдим этилган пул маблағларини фирибгарлик усулларини қўллаган ҳолда ўзлаштириш ҳолларининг ўсиб бориши фуқароларнинг кредитлаш соҳасидаги манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришни талаб этди.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун 2025 йил 6 мартдан кучга кирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси Абдусаид Кўчимов қонуннинг аҳамияти ва мақсади ҳақида сўзлаб берди:
– Алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз томонидан мамлакатимизда аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланишини енгиллаштириш, банк хизматлари кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш, кредитлар бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кредитларни онлайн тартибда расмийлаштириш, яъни интернет орқали ариза топшириш ва хулоса олиш имконияти юзага келди. Банкларга бориш, навбат кутиш ёки ҳужжатларни махсус жойларда текшириш каби ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олмоқда.
Бундай имкониятлар аҳолига катта қулайлик яратди, албатта. Шу билан бирга, фирибгарликни касб қилиб олган кимсалар ҳам турли йўллар билан одамларга зарар етказиш йўлларини топмоқда. Шу сабабли, кредит ахбороти билан боғлиқ жараёнлар хавфсизлигини таъминлаш учун қонунчилик такомиллаштирилди.
Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида қатор хорижий давлатларнинг мазкур масала юзасидан тажрибалари ўрганилди. Хусусан, АҚШда “Адолатли кредит ҳисоботи тўғрисида”ги қонунда кредит бюролари томонидан фуқароларнинг кредит ҳисоботини тақдим этилишини тақиқлаш бўйича нормалар қайд этилган.
Амалиётда ушбу қонунга асосан кредит тарихи маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш ва жисмоний шахсларнинг номига уларнинг рухсатисиз кредит расмийлаштирилишининг олдини олиш мақсадида кредит бюролари томонидан “кредит ҳисоботини тақдим этилишини тақиқлаш” ҳамда кредит ҳисоботларида “фирибгарлик тўғрисида огоҳлантирувчи хабар” жойлаштириш хизматлари жорий этилган.
Қозоғистонда “Биринчи кредит бюроси” ҳамда eGov.kz портали томонидан фуқароларга уларнинг номига кредит расмийлаштирилишини тақиқлаш бўйича хизмат ишга туширилган. Ушбу хизматдан фойдаланганда, кредит ташкилотлари томонидан фуқароларнинг кредит тарихи ҳисоботларини олиш имконияти чекланади ва бу ҳолат уларнинг номига фирибгарлар томонидан кредит расмийлаштирилишининг олдини олади.
Сингапурда ҳам жисмоний шахсларнинг кредит ташкилотлари томонидан тақдим қилинаётган кредитларидан ихтиёрий воз кечиш тизими жорий қилинган. Ушбу тизим асосан Сингапур аҳолиси, ушбу мамлакатда доимий рўйхатдан ўтган чет эл фуқаролари, чет эллик хизматчилар учун жорий қилинган.
Мамлакатимизда кучга кирган янги қонун билан аҳолини кредитлаш соҳасидаги фирибгарлик жиноятларидан ҳимоя қилишга қаратилган янги меъёрлар жорий этилди.
Эндиликда кредит бюролари маълумотлар базаси негизида кредит битими тузиш таъқиқланган шахслар реестрини шакллантиради.
Жисмоний шахснинг кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрида мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ва тақиқлаш (тақиқни бекор қилиш) тўғрисидаги аризанинг ҳолати ҳақида ахборот олишда/беришда кредит бюроларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда кредит бюроларига нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар ҳам белгиланди.
Кредит ахбороти субъекти – жисмоний шахслар томонидан кредит битими тузишни тақиқлаш (тақиқни бекор қилиш) тўғрисидаги ариза билан ягона интерактив давлат хизматлари порталига электрон шаклда, давлат хизматлари марказларига ёки кредит бюроларига ёзма шаклда мурожаат этиш имконияти яратилди.
Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестри Марказий банк томонидан белгиланган тартиблар асосида кредит бюролари томонидан юритилади. Банклар ва нобанк кредит ташкилотларига реестрни текширмасдан туриб кредит ажратиш тақиқланади. Реестрдаги фуқарога кредит ажратганлик учун кредит битими бўйича келиб чиқадиган оқибатларга жавобгарлик белгиланди.
Эндиликда Марказий банк кредит бюроларига қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юбориши ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлган миқдорда жарима ундириши мумкин.
Қонун кредит хизматлари оммабоплиги ошишига, аҳолининг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланишига, банк хизматлардан фойдаланиш кўламининг ошишига хизмат қилади. Энг муҳими, эндиликда фуқаролар номига уларнинг хабарисиз кредитларни расмийлаштириш ва тақдим этилган пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатларининг олди олинади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
ёзиб олди.