Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Чинобод маҳалласида яшовчи фуқаро Т.С туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.
Мурожаатда келтирилишича, фуқаро туманда жойлашган савдо марказидан қиймати 4 миллион 117 минг 140 сўмга радарга қарши қурилма – антирадар ускунасини сотиб олган. Лекин орадан бир ой ўтмасдан ушбу ускуна ишламай қолган. Фуқаро савдо марказига мурожаат қилганида, улар турли баҳоналар билан уни сарсон қилган. Шундан кейин у ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўраб жамиятга мурожаат қилган.
Жамият масъул ходимлари ушбу мурожаатни жойида ўрганиб, савдо маркази ходимларига Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қонун ҳужжатларида белгиланган истеъмолчининг ҳуқуқлари ва хизмат кўрсатувчиларнинг мажбуриятлари тўғрисида тушунчалар берди.
Натижада фуқаронинг носоз антирадар ускунаси бепул таъмирлаб берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири