Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук Жиззах вилоятига ташрифи доирасида “BMB Holding” таркибига кирувчи “BMB-NRC Agrologistics” ҳамда “BMB Agro Plus” корхоналари фаолияти билан танишди. Мазкур ташриф Ўзбекистон–Франция ўртасида агросаноат, қайта ишлаш ва экспорт йўналишларидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди.
Холдинг Таъсисчилар кенгаши аъзоси Азиз Маматқулов иштирокида бўлиб ўтган мулоқотда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, қўшимча қиймат занжирини кенгайтириш ва Европа бозорларига чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, корхоналарда халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларига мувофиқ ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тизими йўлга қўйилгани экспорт географиясини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
[gallery-27713]
Элчига жорий этилган замонавий агрологистика тизими — маҳсулотларни саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва халқаро талаблар асосида қадоқлаш жараёнлари атрофлича таништирилди. Халқаро стандартларга жавоб берадиган лаборатория, сифат назорати ҳамда экспорт олдидан сертификатлаш тизими меҳмон томонидан юқори баҳоланди. Бу омиллар маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Суҳбат чоғида Франция компаниялари билан технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор қайта ишлаш ускуналарини жалб этиш ва ўзаро инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, хусусий секторнинг фаоллиги ва инновацион ёндашувлар Жиззах вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини ошираётгани таъкидланди.
Ташриф якунида Валид Фук ҳудудда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самара бераётганини, агросаноат соҳасида экспортбоп маҳсулотлар улуши изчил ортиб бораётганини алоҳида қайд этди. У икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, янги инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва технологик шерикликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари