Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланди.
Деҳқончиликда улкан салоҳиятга эга воҳа миришкорларининг асосий байрам тадбири Термиз шаҳридаги “Гранд Алмаз” тўйхонасида бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз аграр тармоғи янги босқичда ривожланиб, аҳолининг тинч, тўкин ва фаровон турмушини таъминлаётгани таъкидланди. Бу жараёнда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самараларини бераётгани қайд этилди.
[gallery-20767]
Сурхон воҳасида ҳам кейинги йилларда сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, хўжалик ва корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда вилоятда 40 дан ортиқ агрокластер ташкил этилди. Айни пайтда етиштирилаётган пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавот маҳсулотларининг 50 фоиздан ортиғи агрокластерлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлашда бой тажриба тўпланган вилоятда жорий йил 764 минг тонна ғалла, 274 минг 822 тонна пахта, 1 миллион 600 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, 273 минг тонна мева ва узум, 370 минг тонна картошка, 214 минг тонна гўшт, 950 минг тонна сут, 589 минг дона тухум, 2 минг тонна пилла етиштирилди.
Бунинг учун кластер ва фермерлар 1 минг 780 дан ортиқ юқори унумли техника ва агрегатлар билан таъминланди. Соҳага рақамлаштириш жараёнлари, томчилатиб суғориш технологиялари, инновациялар жадал кириб бормоқда. Чўлланиш, ерларнинг шўрланиши ва деградациясига қарши курашиш, тупроқ унумдорлигини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, воҳадаги 46 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилиб, 15 миллиард куб-метр сув иқтисод қилинди. Қарийб 55 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, ўтаётган йилда 15,3 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, озиқ-овқат экинлари экилди, мевали боғ ва токзорлар барпо этилди.
Соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлашга, аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилмоқда. Шу мақсадда кейинги икки йилда 16,3 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, 31,3 мингдан ортиқ қишлоқ одамларига танлов асосида берилди. Натижада 55 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўрни яратилиб, қўшимча 360,5 минг тонна маҳсулот етиштирилди ва унинг 119,9 минг тоннаси экспорт қилинди.
Тадбирда бир гуруҳ фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон”, “Намунали томорқачи”, давлат хизматчилари ва қишлоқ хўжалиги ходимларига соҳани ривожлантиришдаги ҳиссаси учун “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” ҳамда “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали топширилди. Сурхондарё вилояти ҳокими Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Обод ва осуда ҳаётимиз, тўкин ва фаровон турмушимиз бунёдкорларининг файзли дастурхон атрофидаги байрам тадбири санъат усталарининг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири