Халқаро шахмат федерацияси 2025 йил сентябрь ойи учун турли ёш тоифалари ўртасида эълон қилган ТОП-100 ликнинг эркаклар рейтингида 5 нафар, аёллар рейтингида 2 нафар шахматчимиз қайд этилди.
Катталар ўртасидаги рейтингни август ойида 7-ўринда якунлаган Нодирбек Абдусатторов сентябрь рейтингида 2748 очко билан 11-ўринни банд этди. Жавоҳир Синдоров 2722 очко билан 34, Нодирбек Ёқуббоев 2681 очко билан 46, Рустам Қосимжонов 2675 очко билан 47, Шамсиддин Воҳидов 2645 очко билан 83-ўринни эгаллади.

Катталар ўртасида жаҳоннинг энг кучли шахматчилари рейтингида ҳамон норвегиялик Магнус Карлсен 2839 очко билан етакчилик қилаётган вазиятда АҚШлик Хикару Накамура ва Фабиано Каруана кейинги ўринларда бормоқда.
Шахматчи аёллар рейтингида хитойлик 4 нафар гроссмейстер етакчилик қилмоқда. Ҳамюртларимиздан Афруза Ҳамдамова 2409 очко билан 35, Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2372 очко билан ТОП-100 ликнинг 70-поғонасини банд этиб турибди.

Шахматчи ёш қизлар рейтингида Афруза Ҳамдамова 6, Гулдона Каримова 18, Умида Омонова 49-қаторда кўриниш беришди.
Ёш шахматчи йигитлар рейтингида Жавоҳир Синдоров ТОП-100 ликда ўтган ойдаги 3-ўрнини сақлаб қолди. Муҳиддин Мадаминов 2560 очко билан икки қатор юқорилаган ҳолда 26-поғонага Муҳаммадзоҳид Суяров 2482 очколи ҳолатда 69-ўринга кўтарилди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА