Мамлакатимизда бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида рақамлаштириш ва инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда географик ахборот тизимлари ва веб-порталлар шакллантирилмоқда. Улар ёрдамида аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.
Хусусан, навигация хариталари, геопорталлар, интернет веб-сервисларнинг маълумотлар базаси фазовий маълумотлардан ташкил топган. Бунда космик суратлар, дронлардан олинган маълумотлар, хариталарда кўрсатилган ер, бино-иншоот, йўллар, дарёлар, қувурлар ва улар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар фазовий маълумотларнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Шунингдек, ҳудудларни барқарор ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, фавқулодда ҳолатларга самарали тайёргарлик кўриш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида аниқ ва ишончли маълумотлар жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эҳтиёжни қондиришда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси (ФММИ)ни яратиш ҳал қилувчи ўрин тутади.
– ФММИ — геоахборот маълумотларини тўплаш, сақлаш, янгилаш ва тарқатишни таъминлайдиган ягона миллий тизим ҳисобланади, – дейди Кадастр агентлигининг Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ш.Зокиров. – Унда кўчмас мулклар, инфратузилма, табиий ресурслар, демография, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларга оид маълумотлар географик координаталар асосида жамланади ва визуал таҳлил қилиш имконини беради. Бундай маълумотлар стратегик қарорлар қабул қилиш, ҳудудларни самарали режалаштириш, инвестицияларни оқилона йўналтириш ҳамда яшил иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Фазовий маълумотлар соҳаси Ўзбекистонда 2000 йилда қабул қилинган “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонун орқали ҳуқуқий асосга эга бўлди. Кейинги йилларда давлат кадастрларини ягона тизимда юритиш тартиби йўлга қўйилди. 2021 йилда эса “Фазовий маълумотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ФММИни яратиш жараёни бошланди.
Шу асосда базавий ва соҳага оид фазовий маълумотларни шакллантириш, геоахборот тизимларини стандартлаштириш ва мувофиқлаштириш, маълумотларни умумфойдаланиш учун етарли шаклда жамлаш ва тақдим этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирда 17 та вазирлик ва идора томонидан 20 турдаги давлат кадастр маълумотлари ягона тизимга тақдим этилмоқда. Бу маълумотлар асосида 130 га яқин тематик қатламлар, 16,5 миллиондан ортиқ объект маълумотлари базаси шакллантирилган.
Маълумот сифати ва жавобгарлик ФММИга тақдим этиладиган маълумотларнинг аниқлиги ва долзарблиги тегишли қарорлар билан кафолатланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 октябрдаги 620-сонли қарори ва соҳавий йўриқномалар асосида маълумотлар мувофиқлигини таъминлаш тартибга солинган. Қонунбузарлик ҳолатларида мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.
2022 йилда соҳани стандартлаштириш мақсадида техник қўмита ташкил этилди ва Ўзбекистон Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг ISO/TC-211 (Геоахборотлар) техник қўмитасига аъзо бўлди. 2023-2024 йиллар учун 4 та миллий стандарт қабул қилинди, 2025 йилда яна 3 та халқаро стандартни жорий этиш режалаштирилган.
Инвестиция лойиҳалари ва янги имкониятлар
Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун ФММИ” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа GNSS CORS станцияларини ўрнатиш, геодезик тармоқларни янгилаш, ахборот тизимларини модернизация қилиш, ортофотоплан ва картографик асосларни яратиш ишларини назарда тутади.
Лойиҳа учта компонентдан иборат бўлиб, 2025-2028 йилларда амалга оширилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси замонавий, шаффоф ва самарали бошқарувнинг асосий элементи ҳисобланади. У орқали мамлакатимизда экологик барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва хавфсизликни таъминлаш борасида янги босқичга кўтарилиш имконияти яратилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА