
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими жамоаси кўп йиллик тажрибага эга матбуот фахрийлари Беҳбуд Жумаев ҳамда Назира Шабанова хонадонида бўлди.
Журналистика ва матбуот соҳасида узоқ йиллар самарали фаолият юритиб, кўплаб шогирдлар етиштирган устозларнинг тажриба ва маҳорати ёшлар учун ўрнак, албатта. Фахрийлар билан бўлган самимий суҳбат устозлар ва ёш журналистлар ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, касбга садоқат, иш фаолиятида самарадорликка эришиш хусусида бўлди.

– Айни кунда вилоятда 65 нафар журналистлар уюшмаси аъзоси бўлиб, ҳозирда нафақада бўлган юзга яқин фахрийни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Устозларнинг ҳаёти ва ижоди ёшларга доим ўрнак бўлиб келган, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчи Шамшод Очилов.
Фахрийларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан яқинда нашр этилган “Олтин қаламли журналистлар” китоби устозларга тақдим этилди. Ўз навбатида, меҳнат фахрийлари Беҳбуд Жумаев ва Назира Шабанова эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.