Сергели тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда ФҲДЁ бўлими ҳамкорлигида “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш” марказида навбатдаги ўқув машғулоти бўлиб ўтди. Ушбу тадбир 10 майдан 10 июнгача мамлакат бўйлаб ўтказилаётган “Фаровон оила сари” ойлиги доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Сергели тумани ҳоким ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи ва бир қатор идора вакиллари иштирок этди.
Ўқув семинарида 2025-йил май ойида никоҳларини расмийлаштириш учун ариза берган 46 жуфт ёш оила қурувчиларга тиббий, ҳуқуқий, психологик, маънавий-маърифий ва диний йўналишларда зарурий билим ва кўникмалар берилди. Жумладан, репродуктив саломатлик, она ва болаликни муҳофаза қилиш, ўзаро муносабат маданияти, ибратли ота-она бўлиш, ва китоб ўқишнинг аҳамияти ҳақида муҳим маърузалар тинглатилди.
Машғулотлар якунида иштирокчиларга эсдалик китоблари ва махсус сертификатлар тантанали тарзда топширилди. Шунингдек, “Ёш оила қурувчилар мактаби”да таҳсил олаётган никоҳланувчи ёшлар ҳамда “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳиблари иштирокида “Менинг оилам – менинг фахрим” шиори остида очиқ давра суҳбати ўтказилди. Суҳбат давомида ибратли оила вакиллари ўз ҳаёт йўллари, турмушдаги синовлар ва тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга сабр-тоқат, меҳр-оқибат ва масъулият асосидаги бахтли оила барпо этиш йўлида қимматли маслаҳатлар бердилар.
Тадбир сўнггида иштирокчиларга диний, психологик ва тиббий саволлар юзасидан мутахассислар томонидан амалий маслаҳатлар берилди ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.
Бу каби тадбирлар юртимизда оила муқаддаслигини тарғиб этиш, ёшларни онгли, масъулиятли ҳаётга тайёрлаш ва уларни фаровон ҳаёт сари илҳомлантириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/u4ZcaVKw-FI?si=0OOW98ttymCCRge9" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Дониёр Якубов, Искандар Исматов, ЎзА