Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ва 2022 йилги вазифалар бўйича аҳолига мурожаат қилди.
Таъкидланишича, жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 30 триллион сўмга етиб, 121,9 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 12,1 триллион сўмга, хизматлар кўрсатиш 9 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми эса 22,9 триллион сўм бўлиши кутилмоқда.
Бунинг натижасида, аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари 6,3 миллион сўм, хизматлар 4,6 миллион сўмни ташкил этади.
Қайд этилдики, вилоят маҳаллий бюджет даромадлари бўйича йиллик белгиланган 1 триллион 442 миллиард сўмлик режа амалда 1 триллион 727 миллиард сўмга ёки 120 фоизга бажарилиб, маҳаллий бюджетга 284 миллиард сўм қўшимча маблағ тушмоқда.
Ўз навбатида, йил бошида тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида 2021 йилда кутилаётган бюджет харажатларининг 65 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига йўналтирилган.

– Вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш учун барча имкониятлар етарли, – дейди Ф.Эрманов. – Бунинг учун бошқа соҳалар каби сайёҳликда ҳам бошланган лойиҳаларни мукаммал амалга оширишимиз лозим. Хусусан, Урганч шаҳрида транспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш мақсадида Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари чорраҳасида соатига 3,5 минг автомобилни ўтказиш қувватига эга ер ости ўтиш йўли фойдаланишга топширилди.
Жалолиддин Мангуберди ҳайкали мажмуасида ҳам қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 13 минг 19 та хизмат кўрсатиш ва сервис субъекти томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 7,6 триллион сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 120,1 фоизни ташкил қилади.
Вилоят ҳокимининг мурожаати якунлангандан кейин унинг мазмун-моҳияти юзасидан ОАВ вакиллари билан матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтади. Шунингдек, вилоятдаги янги ишлаб чиқариш корхоналари ва ижтимоий соҳа объектларига пресс-тур ташкил этилади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА