Кейинги йилларда вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда кескин юксалиш сари юз тутди. Ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида, турмуш тарзидаги ижобий ўзгаришларни яққол кўриб, ҳис этиб турибди. Бунинг асосий омилларидан бири, шубҳасиз, фарғоналикларнинг меҳнаткашлиги, ташаббускорлигидир. Вилоятимиз аҳли истиқлолимизнинг 34 йиллик байрамини ўзгача шукуҳ, катта меҳнат муваффақиятлари билан кутиб олаётгани қувончлидир.
Яқин тарихда ҳам дунё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқалар географияси тор, хорижий ва қўшма корхоналар сони кам эди. Эндиликда, мамлакатимиз, жумладан, Фарғона вилоятининг инвестицион жозибадорлиги ошиб, дунё сармоядорларини ўзига жалб этмоқда. Ҳудудларга хорижий инвестицияларни олиб кириш, фаол ўзлаштириш, кўплаб чет эл корхоналарини ишга тушириш, халқаро андозалар даражасида маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг кўпайиши ҳисобига иқтисодиётимиз тараққий этиб бормоқда. Бу эса юқори даромадли иш ўринлари сонининг кўпайиши, камбағалликни кескин қисқартириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва пировард натижада одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиш имконини бермоқда.
[gallery-25058]
Биргина жорий йилнинг ўзида вилоятимизга ўтган йилгига қараганда 2 баробар кўп, яъни 3,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилади. Бунинг ҳисобига 1,5 миллиард долларлик маҳсулот экспортга чиқарилади, 44 мингга яқин доимий янги иш ўринлари яратилади.
Ўтган йилда умумий қиймати 1,8 миллиард доллар тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси ўзлаштирилиб, 35 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Кейинги йилларда вилоятимизда саноат корхоналари сони 2,8 баробарга кўпайиб, 13 мингтага етганлиги иқтисодиётимизнинг тез суръатларда ривожланиб бораётганини кўрсатади.
Саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида 1182 та лойиҳа ишга туширилди. Ип-калава, тикув-трикотаж, кимё, ДСП, МДФ плиталар, ойна ва ундан ясалган буюмлар, электротехника, чарм, фармацевтика соҳалари кенгайиб бормоқда. Бултур экспорт географияси 22 та давлатга кўпайганини айтиб ўтиш ўринли. Миср, Жанубий Африка Республикаси, Марокаш, Перу, Коста-Рика, Колумбия, Канада, Англия, Сербия, Словакия, Аргентина, Иордания, Қувайт, Франция, Монголия сингари давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Маҳсулотлар экспорти Италия, Япония, Испания ва Саудия Арабистонига тўрт баробар, Бирлашган Араб Амирликлари, Тунис ва Туркияга уч бараварга кўпайди.
Маҳаллий хомашёлардан қўшилган қиймат занжирини яратиш асосий вазифаларимиздан биридир. Шу мақсадда ўтган йили 462 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳаларда яратилган қувватлар қўшилиши натижасида 332 миллион АҚШ долларилик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиниб, аввалги йилларга қараганда 1,5 баробар ўсишга эришилди.
Қўқон шаҳрида “Фарғона – водий гавҳари. Инвестициялар ва туризм истиқ-боллари” мавзусида биринчи форум ўтказилди. Анжуман доирасида 223,3 миллион АҚШ долларилик 25 та инвестициявий келишув ва савдо битимлари имзоланди. “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Қувасой шаҳрида 210 гектарга кенгайди. Бу ерда 1 миллиард долларлик 200 га яқин янги лойиҳа амалга оширилиши натижасида 11,8 мингта иш ўрни яратилади.
Аграр соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кейинги уч йилда 25 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, очиқ электрон аукцион орқали аҳолига берилди. Натижада 110 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари ташкил этилиб, 220 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилди.
“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 2-3 марта ҳосил олиш ҳисобига 41 минг гектар томорқада 1,4 миллион тонна маҳсулот тайёрланди. Аҳоли хонадонларидаги 56 мингта иссиқхонанинг 11 мингтасида лимон, 45 мингтасида сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Россиянинг “Семена Ставрополья” компанияси билан ҳамкорликда Ёзёвон туманида 10 гектар майдонда ғалланинг 56 хил нави экилиб, синов-тажриба даласи ташкил этилди. Жойларда 100 центнерга етказиб дон олаётган деҳқонлар кўпайиб бормоқда.
Шу кунга қадар 707 та юқори унумли ҳайдов, лазер текислагич, чигит экиш сеялкаси, чопиқ тракторлари ва культиваторлар, дон ўриш ва пахта териш машиналари сотиб олинган.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш уларнинг ҳаёт сифати даражасининг ўсишига олиб келади. Вилоятимиз аҳолиси ҳар йили ўртача 90 минг нафарга кўпаймоқда. Бу эса қўшимча 4 минг хонадонли уй-жой, 40 та мактаб, 100 та боғча, 20 та шифохона ҳамда 50 мингта иш ўрнига эҳтиёж борлигини кўрсатади. Ана шуни ҳисобга олиб, кўп қаватли турар жойлар қурилиши, вилоят маркази, туман ва шаҳарларда “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этиш ишлари шиддат билан олиб борилмоқда. Фарғона шаҳрининг ўзига хос тимсолига айланган Экошаҳар – “Янги Ўзбекистон” массиви ноёб ва мукаммал ёндашув асосида қуриб битказилди.
Вилоятимиз маҳаллаларида аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш, камбағалликни қисқартириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили тижорат банклари билан ҳамкорликда 80 минг аҳоли бандлиги таъминланди. Шунингдек, 6438 та эҳтиёжманд оила танлаб олиниб, уларга 103 миллиард сўмлик молиявий пакет етказиб берилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида 7096 та камбағал оилага 1430 нафар раҳбар бириктирилиб, ҳар бир оила бўйича алоҳида режа асосида ишлар йўлга қўйилди. “Маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш тизими асосида маҳаллаларни аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш чоралари кўрилди. Бунинг натижасида маҳаллаларнинг 247 таси саноат, 456 таси деҳқончилик, томорқачилик, кўчатчилик ва гулчилик, 204 таси боғдорчилик ва узумчилик, 153 таси хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослаштирилди. Шу тариқа ҳозирча вилоятдаги 362 та маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилди.
Жорий йил охирига қадар қарийб 409 минг аҳоли бандлигини таъминлаш орқали 152 мингдан ортиқ оилани камбағалликдан чиқариш, камбағаллик даражасини 4,8 фоизга тушириш ҳаракатидамиз. Бу мамлакатимизда “Эл азиз, инсон азиз” тамойилининг амалдаги ифодасидир.
Вилоятимизда 50 минг гектар мевали боғлар мавжуд. Сўнгги бир йилда самарасиз боғлар ўрнида 4,6 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилди. Кейинги уч йилда вилоятда 45 миллион туп кўчат ва буталар экилиб, яшиллик даражаси 38 фоиздан ошди. Яшил табиат масканлари барпо қилиш ишлари давом этмоқда.
“Каркидон” сув омбори атрофида минглаб гектар ер майдонларига 300 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экиш, боғ яратиш юмушлари давом этмоқда. 48 гектар майдонда “Сокин ҳудуд” дам олиш маскани, 30 гектар майдонда агротуризм комплекси, 12 гектар майдонда гуллар боғи, меҳмонхона, ресторан, эко бозор, сув спорти объектлари, аттракционлар, пляж зонаси ва пирс йўналишларини қамраб олган истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Буларнинг барчаси халқимиз, фарзандларимиз бахт-саодати йўлидаги хайрли ишлар сирасига киради. Мақсадимиз ҳар бир инсоннинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришишдир. Ишончим комилки, Фарғона аҳли мустақиллигимизнинг 34 йиллиги нишонланаётган жорий йилда барча соҳаларда кўзлаган режа-мақсадларини ёруғ юз билан адо этадилар, вилоятимизнинг зафарли солномаси бардавом бўлади.
Хайрулло БОЗОРОВ,
Фарғона вилояти ҳокими.ЎзА