Қува – Ўзбекистоннинг кўчат етказиб берувчи бош манзилларидан бири.
Қува туманида 2023 йил давомида 101 миллион дона кўчат етиштирилди. Ундан 56 миллион донаси мевали 24 миллион донаси манзарали кўчатлар, 21 миллион донаси эса атиргул кўчатларидир, - дейди Қува тумани фермерлар уюшмаси мутахассиси Умиджон Раҳимов.

Айни кунда туманнинг барча маҳаллалари, катта-кичик кўча бўйлари, сарой ва ангарлари улкан кўчат сотиш марказларига айланган. Уларни Қуванинг асосан тошлиқ, яъни тезоб майдонларида етиштирадилар. “Fuitis Brend” масъулияти чекланган жамияти асосчиси ва бош боғбони Ғайратжон Мамадалиев 41 гектар майдонда боғ ва кўчатчилик билан шуғулланади. Сўнгги икки йилда шафтолининг УФО навини маҳаллийлаштирди.
–Буни икки хили бор. Буниси УФОнинг эртаки нави. У 25 майда пишади. 2-3 кило мева беради. Бундан ташқари олхўрининг икки хил нави бор. Блекцлиндр нави эртаки бўлиб, сувли ва ниҳоятда мазалидир, -дейди Ғайратжон Мамадалиев. –Бу навларни Туркиялик ҳамкорларимиз ва Ўзбекистонда боғдорчиликда катта тажрибага эга Шуҳрат Аброров, Мансур Йўлдошев ёрдамида олиб келяпмиз.
Ғайратжон 11 гектар майдонда фақат данагидан ундирилган кўчатлар етиштирмоқда.

–Шафтоли данакларини кузда қумга аралаштириб кўмамиз. Баҳор фаслида улар униб чиқади. Данакни ёриб униб чиққан ниҳолни кўчат учун экамиз, - дейди боғбон Ҳосилбек Қўчқоров. –Ундирилган данакдан чиққан кўчатнинг яна бир хусусияти шундаки унинг ҳосилдорлиги баҳорда экилган данакдан чиққан кўчатникига нисбатан икки баробар кўп бўлади.
Шу кунларда харидорлар ўзлари келиб боғдан кўчатни танлаб олиб кетишяпти. Истакка қараб, кўчатлар томири ўз тупроғи билан етказилади. Шунда кўчат кўчириб экилганини ҳис қилмайди.

Ундирилган данаклар экилган боғни кўриб ҳавасингиз келади. Ҳаммаси бир текис, деярли ҳаммасида мева бор.
–Биз ҳар бир ярим метр оралиғида биттадан кўчатни боғ учун қолдирамиз. Улар орасида 7-8 тадан кўчат бор. Уларнинг ҳар бирини 15 мингдан сотамиз. Шунда бир гектар кўчатзор 200 миллион сўмдан ортиқ даромад беради. Шундай қилиб данакдан экиш натижасида икки йилда ҳам боғ пайдо бўлади, ҳам фермер 200 миллион сўмдан зиёд даромад топади, –дейди Ғайратжон Мамадалиев.

Қувада қайси хондонга кирманг асосий ишидан кейин томорқасида кўчатчилик билан бандлар. “Терактаги” маҳалласидаги Рустамжон Шерматовнинг 12 сотих томорқаси бор. Унга ўзи қарайди. Кўчатдан бўшаган майдонларга ўзи механизмда ишлов беради.
–Ҳар хил мевали ва манзарали кўчатлар етиштирдим ва уларни ҳовлимиз олдига олиб чиқиб сотмоқдаман, – дейди хонадон соҳиби Рустамжон Шерматов. –Республикамиз вилоятлари, Тожикистон, Қирғизистон ва ҳатто Туркманистондан ҳам харидорлар келиб олиб кетишяпти. Ҳовлимдаги кўчирилган кўчатлар ўрнига гул уруғларини экдим. Улар 10-15 кунда униб чиқади, кузда уланади. Келаси йилга эса атиргуллар сотувга тайёр бўлади.
Шу каби ҳолни Қорақум маҳалласида ҳам учратасиз.
–Қорақум МФЙда 1118 та хонадон бўлиб, уларда атиргулчилик ва мевали – манзарали кўчатлар етиштирилади. Ҳар бир оила 10 сотих томорқадан бир йилда 50-60 миллион сўм даромад олишмоқда, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Одилжон Ҳакимов.
Қува туманининг ўзида бу йил юз миллион донадан ортиқ кўчат етиштириб савдога чиқаришди. Уларнинг бир қисми чет элдаги харидорларга юборилмоқда. Бу ҳақида Умиджон Раҳимов ғурур билан шундай деди:
–Россия, Қирғизистон, Тожикистон ҳатто Доғистонга ҳам экспорт қиляпмиз. Атиргулларни эса Полша ва Туркияга жўнатиляпти. Мана бу кўриб турган юк машаналарида Қирғизистонга 300 миллионта кўчат жўнатяпмиз.
–Қирғизистондан келдик, – дейди Бахтиёр Ғафуров. –Президент Мирзиёев йўлларни очгандан кейин Қувадан Бишкекка ҳар йили кўчат олиб кетаман. Қуваликлар билан ака-ука бўлиб қолганман. Зуҳриддиндан кўчат олсам, арчани Ҳусниддиндан оламан.
Қуванинг эртапишар қантаки ўрик, анжир шафтолиси, ширали олхўри-ю, қирмизи олма кўчатлари хонадонларимизга ризқ ва кўрк киритмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/zS2oYclns7M?si=XGEQiPCTHNeHPJSC" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА