ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги собиқ Механика заводи ҳудудида “Ferghana Swan Cotton Industrial Machinery Stock Co., Ltd” корхонасида ишлаб чиқарилган 128 та пахта териш машинаси вилоят фермерларига топширилди.
Тантанали маросимда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, мустақиллик байрами билан тадбир қатнашчиларини қутлади ва қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Таъкидланишича, фермерлар эндиликда режа учун эмас, манфаат ва даромад учун ишлайди, замонавий техника ва технологиялар эса ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.
[gallery-25100]
Ўтган йили вилоятда 60 та пахта териш машинаси бўлган бўлса, бу йил 140 тагача етказиш режалаштирилган. Айни пайтга қадар 128 та машина харид қилинди. Шу орқали мавсумда пахта майдонининг камида 60 фоизини техника ёрдамида йиғиб олиш мумкин бўлади. Келгуси йили эса бу кўрсаткич 90 фоизга етказилади.
Фермерлар терим машиналарини 20 фоиз дастлабки тўлов билан 10 йилгача лизинг асосида харид қилиш имкониятига эга. Шунингдек, кластер ва фермер хўжаликларига 15 фоизлик субсидия, мавсумда ҳар тонна пахта учун эса 1 миллион сўмдан давлат қўллаб-қувватлови берилади.
Тадбирда фермерларга янги машиналар калитлари тантанали топширилиб, нуронийлар дуога қўл очди. Ўз навбатида фермерлар миннатдорлигини билдирди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА