Журналист ва адиблар билан сафардош бўлишнинг айрича латофати, завқи-шавқи бор-да! Ҳазил-ҳузил, шоирона лутфлардан бошланган гурунглар мамлакатда, жаҳоннинг аллақайси бурчларида рўй бераётган ҳодисаларга уланиб, беадоқ баҳсу мунозараларга айланиб кетади.
Айниқса, сафаринг Фарғонадек гўзалликда беқиёс диёрлар томонга бўлса, бир қувончингга ўни қўшилиб, кўнгиллар дарё, эҳтирослар уммон мисол кўпиради.
Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Фарғонанинг икки забардаст ижодкори – Охунжон Ҳакимов ва Йўлдош Сулаймон хотирасига бағишлаб ўтказиладиган адабий конференцияда иштирок этиш учун беш касбдош йўлга чиқдик. Аломат лаҳзалар аэропортда, Фарғонанинг яна бир эътиборли фарзанди, таниқли тележурналист Муҳаммаджон Обидов билан юзма-юз келган дамлардаёқ бошланиб кетди. Мезбон билан ҳали салом-алик охирига етиб-етмай, “ХХI Аср” газетаси бош муҳаррири шоир Норқобил Жалил шеър тўқиб юборди:
Кўрай десанг эртакда йўқ афсонани,
Афсоналар ҳавас қилган кошонани;
Тоғлар ошиб, дунё кезиб бўлманг сарсон,
Фарғонани кўринг дўстлар, Фарғонани.
Самарқандлик шоир ва драматург Фармон Тошев ҳам ўқланган милтиқдай шай турган экан, кетди давом эттириб:
Ҳар дала-ю, ҳар дарё-ю, ҳар шонада,
Ҳар маҳалла, ҳар кўча-ю ҳар хонада.
Меҳнат завқи, ижод завқи, илҳом завқи,
Яшаш завқи чаппар урар Фарғонада!
-Офаринлар! – ҳайқириб юборди мезбон. – Ҳозир ҳақиқатдан ҳам Фарғонада бекорчи одамни кундузлари чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Ҳамма банд, ҳамманинг қалби, шоирона айтганда, яратувчилик ишқида ёнмоқда. Кетдик, тадбир бошлангунча мен сизларга юртдошларимиз қандай меҳнат қилаётганини кўрсатаман.
Шеъриятдан бошланган суҳбат шу тариқа ўз-ўзидан далага кўчди.
-Ака, Фарғонада пахтакорларнинг кайфияти қандай? – сўрайди “Ишонч” газетаси бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов.
-Қандай эмас, қантдай, денг! – ғурур билан жавобга ҳозирланди Муҳаммаджон Обидов. – Биласиз, ҳамма жойда ғўза одатда бир қаторлаб экилади. Бир қаторлаб экилганда ҳар гектар майдонда 90-100 минг туп кўчат бўлади. Фарғонада эса қўш қаторлаб экилди. Бу ҳар бир эгатда 200-250 минг тупдан кўчат бўлди, дегани. Кўчатнинг икки баробар кўп экилиши ҳисобига ҳосилдорлик ҳам икки баробар кўпайиб, гектаридан 60 центнердан ошиб кетяпти.
-Қўшқатор экиш бир пайтлар ўзини оқламаган, – деди суҳбатни диққат билан эшитиб келаётган “Ҳуррият” гетасининг бош муҳаррири Абдурасул Жумақул. - Мен яхши эслайман, болалигимизда ҳар туп ғўзада 200 тагача кўсак санаш мумкин эди. 4-5 марталаб терардик. Шундан кейин ҳам анча- мунча кўсак қолиб кетарди. Кўсак тергич машиналар йиғиб оларди қолганини. Ўша навлар йўқ бўлиб кетди. Афсус. Бир қарич ҳозирги пахталар. Бир пайтлари пайкал ораласанг кўмиб юборадиган ғўзалар энди йўқ.
Абдурасулнинг болалиги ҳам Сурхон пахта пайкаллари орасида қолиб кетганда, билади...
-Гапингизда ҳақиқат бор, дейди мезбонимиз. – Аммо қўшқаторлаб экилган ғўза гарчанд сиз айтгандек одамни кўмадиган даражада дароз бўлмаса ҳам, ҳосили кўп. Шу жойда сизларга бир гапни айтмасам бўлмайди. Президентимиз 2024 йилдаги вилоятимизга қилган ташрифида келгуси йил Фарғонада хитой услубида пахта етиштиришни жорий қиламиз, дедилар. Давлат раҳбарининг топшириғи адо этилди. Вилоятнинг барча туманларида 40-50 фоиз пахта майдонига Хитойдан келтирилган уруғ экилди. Қўшқатор услуби жорий қилинди. Плёнка остига томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, пахтачиликда ҳам инновация, илм кириб келди. Хитой технологияси асосида қўшқаторлаб экилган пахта бугун ўз ҳосилини беряпти. Биринчи теримдаёқ гектаридан 55 центнердан ҳосил олиняпти. Ҳозир истаган фермернинг пахтазорини кўринг, оппоқ денгиз бўлиб ётиби дала.
-Парвариши-чи, қандай экан? Сув ичиши, дори-дармонга эҳтиёжи? – қизиқди “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири, олим ва адиб Аҳмаджон Мелибоев.
-Икки марта дефоляция қилинди. Ўғит-дори сал кўпроқ берилди. Тола зўр. Фақат чигитдан ёғ чиқиш миқдори камроқ. Бугун мамлакатимизга тола керак, жуда кўп керак. Негаки, кейинги 7-8 йилда ўнлаб йирик-йирик тўқимачилик фабрикалари ишга туширилди. Ҳатто, пахта хомашёси етмаётгани учун толани хориждан сотиб олишга тўғри келган вақтлар ҳам бўляпти. Хитой усулида парвариш қилинган пахтанинг толаси аввалгилардан бир қанча устун. Шу кунларда пахта заводлари бу йилги пахтани қайта ишлашни бошлаб юборди. –
Обидов шу ерда бир нафас тўхтаб, атрофдагиларга кўз ташлаб олди. - Қани, ким билади, бир тонна пахтадан қанча тола чиқади? – ўртага савол ташлади кейин.
-30-35 фоизгача. – Шу дамнинг ўзидаёқ жавоб қайтарди Абдурасул Жумақул.
-Э, яшанг! Бизнинг пахтадан чиққан тола 45 фоиз! 45 қаёқда-ю 35 қаёқда. Ҳам ер, ҳам меҳнат, ҳам сув тежалаётгани бу ҳисобга кирмайди. Даромадни айтмайсизми? Миллион-миллион! Умуман, пахтачиликда кескин бурилиш бошланди. Президентимиз ташаббусларининг биттагинасидан келаётган хушхабар бу. Бундай хушхабарларнинг сон-саноғи йўқ.
– Энди сизларга Юртбошимиз меҳри билан яратилган яна бир мўъжизани кўрсатмасам бўлмайди. Муҳаммаджон ака шу сўзларни айта туриб, “Экошаҳар”га ҳайданг, дея ҳайдовчига мурожаат қилди.
Машина катта йўлдан ўнгга бурилиб, бир пас юргач, чўл ўртасида қад кериб турган ям-яшил шаҳарча ёнида тўхтади. Атроф гулзор, чап томонда айланасига кўл, ўнг томондаги дарахтзорлар орқасида баланд иморатлар.
— Бу ерлар қип-қизил тошлоқ чўл эди, эртакларда қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди, дейиладиган саҳро эди, бир туп гиёҳ топилмасди, – таништира бошлади мезбон. - Ҳозиргидай қулоғим остида турибди, Президентимиз 2020 йили вилоятимизга келганларида биз турган мана шу жойга келиб, бу ерда янги шаҳар қурамиз, дедилар. - Мен кўп, жуда кўп ўйладим, деб давом этдилар кейин Президентимиз. - Фарғона шаҳрининг аҳолисига шароит яратиш учун нима қилиш керак, деган савол мени кўп қийнади. Фарғона қадимий шаҳарларимиздан бири. Унинг кўчаси тугул, битта ғиштига ҳам тегиниб бўлмайди. Ҳаммаси халқимизнинг ўтмиши билан боғланиб кетган. Архитектурасини бузиш керак эмас. Ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят шу ерда йўлдош шаҳарча қурамиз, деган тўхтамга келдим. Шаҳарчанинг номи “Янги Фарғона” бўлади. “Янги Фарғона” - “Эко шаҳар” мақомида бунёд этилади. Шаҳарчада газ, тутун деган зарарли нарсалар бўлмайди. Чироқлар қуёшдан нур олади, хонадонлар электр билан иситилади.

Ўша йилнинг ўзидаёқ ишлар бошланди. Тепадан, Шоҳимардонсойдан сув олиб келинди. 2 минг ўринли амфитеатр қурилди. Мустақиллик, Наврўз байрамлари икки йилдан буён шу ерда ўтяпти
Беш йил ичида дунёга келди кўрган кўзни маҳлиё қилувчи “Экошаҳар”. Беш йил давомида Президентимиз вилоятга қачон келмасинлар, биринчи қадамни шу ердаги ишлар билан танишишдан бошладилар. Бош вазир раҳбарлигида мунтазам ишчи йиғилишлари ўтказилди. Беш йилда чўл ўрнида мўъжизавий шаҳар қад ростлади.

Мезбон ҳақ. 300 гектарлик майдонда барпо этилаётган “Экошаҳар”, ҳеч шубҳасиз, ҳеч бир мўъжизадан кам эмас. Бу шаҳар ҳадемай нафақат вилоятда, балки, бутун водийда энг йирик ва обод манзиллардан бирига айланишига ҳам заррача шубҳа йўқ. Шаҳарча, юқорида айтилганидек, Фарғонада аҳолини уй-жой ва иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорларга қўшимча қулайлик ва имконият яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришнинг замонавий технологик базасини шакллантириш мақсадида бунёд этилмоқда
— Кўлни чиройлилигини қаранглар.
—Буям шахсан Президентимизнинг ғояси. — “Янги Ўзбекистон” газетасининг бош муҳаррири Салим Дониёровнинг ҳайратларига изоҳ берди мезбон. - Мен Дубайда фавворалар шоусини кўрганман. Бу ерда Дубайдагидек кўл қиламиз, дедилар Президентимиз яна бир келганларида, Шоҳимардонсойдан оқиб келган сув кечқурунлари худди Дубайдаги сингари кўл устида рақсга тушиб туради.
Президентимизнинг орзулари, мақсадлари бекаму кўст амалга ошди. Кечқурунлари бу атрофга одам сиғмай кетади. Кексалар дам оладилар, болалар югуриб ўйнайди, велосипедда сайр қилади, амфитеатрда томошалар, концертлар кўрсатилади.
Шу ўринда шаҳарча лойиҳаси хусусида икки оғиз маълумот.
Лойиҳа мамлакатимиз раҳбарининг топшириғи биноан Жанубий Корея тажрибаси асосида ишлаб чиқилди. Бу ерда бўй кўрсатаётган 7, 9, 12, 25 қаватли уйларнинг қурилишига Жанубий Корея, Туркия давлатларининг таниқли компаниялари жалб этилган. Ҳозирги кунгача "Янги Ўзбекистон боғи" ҳамда "Кичик саноат зонаси" ташкил этилди. “Экошаҳар” ҳудудида уй-жойлар қуриш, ободонлаштириш, муҳандислик коммуникация тармоқларини тортиш ва “Янги Ўзбекистон боғи” қуриш давом этмоқда.
Шаҳарчада 85,5 минг аҳоли учун 204 та кўп қаватли уйлар қуриш белгиланган. Уйлар атрофида боғча, умумтаълим мактаби, поликлиника, масжид ҳамда соғломлаштириш мажмуаси бунёд этилади, маъмурий идоралар қад ростлайди. “Япон меҳмонхонаси", "Япон боғи" ва "Савдо мажмуаси” ҳам мезбонлар ва меҳмонларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қурилмоқда.
“Экошаҳар” ҳудудининг 50 гектар майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилгач юзлаб янги иш ўринлари очилади. Унда биринчи навбатда соҳа мутахассислари, ҳудуддаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади.
Ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. “Янги Ўзбекистон” массиви туркумига кирувчи кўп қаватли уйлар бунёд этилмоқда.
-Ўзбекистон Дубайи бўлади ҳали бу шаҳар, – деди яшил хиёбонлардан ифтихорга тўлиб Муҳаммаджон Обидов.
-Дубайга ҳавас қилиш яхши, албатта. Лекин бундай кўклам манзара у томонларда ҳам йўқ. – дея ҳаммамизнинг кўнглимиздан кечаётган бир ҳақ гапни тилга олди Ҳусан Эрматов. – Юз қаватли уй бўлса-ю, кўкрагингни тўлдириб нафас оладиган жой бўлмаса. Мени хурсанд қилаётган яна бир нарсани айтай, бундай масканлар мамлакатимизнинг энг чекка овулларида ҳам бунёд этиляпти.
Умуман, сўнгги саккиз йил ичида одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, энг муракаб даврда камбағалликка қарши кураш кабилар давлат сиёсати даражасига кўтарилди, умуммиллий ҳаракатга айланди.
Камбағалликни қисқартириш бўйича “Янги Ўзбекистон модели” яратилди. - Ҳусан Эрматов шу сўзларни айта туриб ён дафтарчасини очди. – Эшитинглар! – давом этди кейин. - Мамлакатимизда сўнгги йилларда 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни олти фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Иқтисодиётимиз икки карра ўсди, йил якуни билан аҳоли жон бошига даромад 3,5 минг долларга етказилади. Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5 – 3 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда.
Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ҳисобига 2030 йилга қадар камбағаллик Ўзбекистонимизда 2 карра қисқартирилади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
-Ҳожи акам ҳозир “Янги Фарғона”даги ишларни айтдилар. Вилоятимизнинг бошқа жойларидаги ўзгаришлар ҳам бу ердагидан қолишмайди, - суҳбатга қўшилди Азимжон Худойқулов. Айтгандай, сизни иккинчи мезбон билан таништирмабман. Бир пасгина бўлди унинг сафимизга қўшилганига. Азимжон Худойқулов “Ёзёвон тонги” газетасининг бош муҳаррири ва, айни пайтда, вилоятнинг кўп йиллик фермерларидан бири ҳамдир. – Бир маҳаллар севимли адиб Саид Аҳмад тасвирлаган Ёзёвон чўллари ҳозир жаннат. Кейинги 7 – 8 йилда шунақанги кўркам иморатлар қурилиб, қишлоғу маҳаллаларимизда катта ўзгаришлар бўлдики, айтиб адо қилиш қийин. Ёки Марғилон. Кўп қаватли уйнинг ўзидан 50 дан ортиғи битказилиб эгаларига топширилди. Жами 82 та баланд уйлар қурилади Марғилоннинг “Янги Ўзбекистон” массивида. Бу 6532 хонадон уйли-жойли бўлади деганидир. Ижтимоий тузилма объектлари, шифохона, кўнгилочар масканлар, яшил боғлардан ташқари, 35 гектар майдонда Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган аллома Бурҳониддин Марғиноний шарафига “Бурҳониддин Марғиноний халқаро илмий-тадқиқот маркази” барпо этилмоқда.
Марказда кутубхона, маъмурий хоналар, архив, кўргазма зали, лабаратория, бизнес марказ, Фиқҳшунослик таълим муассасаси, анжуманлар зали, масжид, мақом театри, музей, Отабек-Кумуш уйи, миллий услубдаги меҳмонхоналар, савдо, хизмат кўрсатиш мажмуалари, бозор, Ҳуқуқшунослик институти ва талабалар учун турар жой бинолари қурилади. Яна нималар бўлаётганини Муҳаммаджон ҳожи акамнинг ўзлари айтсинлар, туғилиб ўсган жойи, беш қўлдай биладилар.
-Фарғона водийсидаги энг қадимги шаҳарларидан бири ҳисобланади бизнинг Марғилон, – дея сўзлай кетди Азимжоннинг гапидан илҳомланиб кетганган Обидов. - Тарихи узун. Лекин асрлар давомида бўлмаган ишлар бўляпти ҳозир шаҳримизда. Шаҳар тубдан қайта қуриляпти. Президент қарори билан Марғилонни комплекс ривожлантириш учун республика бюджетидан 70 миллиард сўм маблағ ажратиб берилган. Реновация дастури асосида бунёд этилган замонавий уй-жойларнинг бир нечтаси фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбари ўтган йил Фарғона вилоятига ташрифи чоғида марғилонлик нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, шаҳарда янги уй-жой массивини қуриш – барак, маънан эскирган уйлар ўрнида арзон ва сифатли уйлар барпо этиш борасида топшириқлар берган эдилар. Шаҳарнинг “Ипакчи” маҳалла фуқаролар йиғинида 68 та бир қаватли эски уйлар мулкдорларнинг розилиги билан бузилиб, 440 хонадондан иборат 11 та кўп қаватли уйлар қурилди.
Худо хоҳласа, 2025 йилнинг ўзида шаҳарда 46 та кўп қаватли уйлар қуриб битказилади. Шулардан 35 таси "Янги Ўзбекистон" массивида қад ростлаётган бўлса, қолган 11 таси “Ипакчи” МФЙда қурилади. “Ипакчи” МФЙдаги уйларнинг кўпи ўтган аср ўрталарида қурилган. Очиғини айтсак, уларда кундалик ҳаёт учун зарур бўлган оддий шарт-шароитлар ҳам деярли йўқ. Икки-уч оила, 10–12 жон каталакдай уйларда бир амаллаб кун кўриб келарди. Улар бугун замонавий, ёруғ ва шинам хоналарга эга кўп қаватли уйларга кўчиб ўтдилар. Уй-жойлари бузилган барча оилаларга кўп қаватли уйлардан компенсация тўловисиз хонадонлар берилди. Энг муҳими, янги жойларда яшаш учун барча шароит мавжуд. Қулай инфратузилма, мактаб, болалар майдончаси, савдо мажмуалари. Қувончдан юртдошларимизнинг кўкси тоғ, боши осмонда.
- Қўқонда, Қувада, Қувасой ёки Бувайдада амалга оширилаётган юмушлар ҳам унча-мунча давлатларда йўқ. – Обидовнинг сўзини давом эттириб кетди Худойқулов. - Фақат Қуванинг ўзига давлат раҳбарининг қарори билан 70 миллиард сўм маблағ ажратилган. Туман марказидаги “Аҳмад Яссавий” ва “Қайқубод” кўчалари туну кун ишлайдиган кўнгилочар манзилларга айлантириляпти. Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи реконструкция қилинмоқда. Каркидон сув омбори ҳудудида бир нечта туристик объектлар бунёд этиляпти.
— Эсхил деган файласуфни эшитганмисиз? - Тўсатдан савол берди Аҳмаджон Мелибоев. - У эрамиздан олдинги 400 -- 300-йилларда яшаган. Эсхилнинг “Фивага қарши етовлон” драмаси қаҳрамонларидан бири шундай дейди: “Одамзот ўзини адолатли қилиб кўрсатиши керак эмас, балки чиндан ҳам одил бўлиши керак.” Жуда муҳим гап бу. Юртимиздаги юксалишларнинг томири, ўқ илдизи одилликда, Президентимизнинг чин маънодаги одил ва адолатпарвар сиёсатида. Бир эслайлик, нималарни кўрмади халқимиз кечмишда. Озмиди ўзини адолатпарвар шоҳ ёки султон қиёфасида намоён қилган “даҳо”лар. Шўро замонида шундайлардан биттасининг “каромати” рост бўлганда эди, биз бундан қарийб 70-80 йиллар муқаддам “коммунизм” дейилмиш афсоналар мамлакатида яшаб юрган бўлар эдик. Гап билан ош пишмайди, тўғрими? Гап - бошқа, иш - бошқа.
Яхши йўлбошчи элини ўйлайди. Эл ғами деб қайғуради, элига роҳат келтиради - йўл қуради, уй қуради, мамлакатни обод қилади. Дунё тамаддунида ҳар томонлама чуқур излар қолдирган улуғ саркарда Амир Темур ҳазратларининг табаррук номи асрлар мобайни аҳли олам диққатини тортиб келишининг бош сабаби ҳам ана шунда.
— Халқ пуфласа, бўрон, халқ тепинса - зилзила бўлади, дейилмайди-да бекордан-бекорга. - Аҳмаджон аканинг фикрини тасдиқлади Азимжон Худойқулов. - Президентимиз бизни уйғотди. Муҳтарам Юртбошимизнинг ҳар бир ташрифидан сўнг неча-неча йиллик муаммолар бартараф этилди. Турмушимизда жиддий ўзгаришлар бўлди. Масалан, сўнгги саккиз йилда вилоятимиздаги ҳар 100 хўжаликка тўғри келадиган автомобиллар 132 фоизга, музлатгич билан телевизор 115 фоизга, кондинционер 147, кир мошин 127, чангютгич 179, компьютер 158 фоизга кўпайди. Ишлаб чиқариш ривожланди, даромад ошди.
— Кубро бобомиз шунинг учун ҳам “Энг ноёб неъмат ростгўйлик ва мардлик“, деганлар. Президимизнинг мардона иш тутуми, айтган сўзининг устидан чиқа билиши бутун бошли мамлакатга янги нафас олиб кирди. “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс” туйғуларини юракларга жойлади.
— Жуда тўғри! — Ҳусан Эрматовнинг фикрини қувватлади Салим Дониёров. - Тараққиёт фақат жасорат туфайли рўй беради. – Президентимизнинг росгўй ва мардлиги билан Абдулҳамид Чўлпон таъбири билан ифодалаганда халқимиз тўлқинга, қудратли тўлқинга айланди.
2
Айланди!
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кейинги саккиз йилда Фарғонага қилган ўндан ортиқ ташрифлари ҳаммада ўзига, бугунига, эртасига ишонч уйғотди. Бепарволик, лоқайдлик ўрнини, қилса бўлар экан-ку, деган қатъият эгаллади.
Давлат ва жамият муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак тамойилининг амалда жорий этилиши, тадбиркорларга кенг йўл очилиши, ҳуқуқий муҳит ва фуқоролар билан очиқ мулоқот маданиятининг пайдо бўлиши барча жабҳаларда тубдан янгиланиш жараёнларини бошлаб юборди.
Ислоҳотларнинг шиғил-шиғил ҳосили ҳар қишлоғу ҳар туман ҳаётида яққол кўринмоқда.
Келинг, шу нуқтада 2017 – 2024 йиллардаги вилоят ҳаётига оид айрим рақамларга нигоҳ ташлайлик. Биласиз, рақамлар ўжар, адолатли ва қоядай мустаҳкам бўлади.
Яна бир илтмос, рақамларга юзланишдан аввал, бир зумгина ўзингизни Олтиариқ туманининг узумзор боғларида юргандек тасаввур қилсангиз. Аёнки, олтиариқликлар қадимдан ширин-шакар узумлари билан машҳур. Олтиариқ узумлари чет элларда ҳам таниқли “бренд”га айланган. Катпут массивининг “Қўрғонча” маҳалласи узумзорлари эса брендларнинг бренди. Олтиариқ узумларини янаям мўл-кўл қилиш мақсадида туман чеккасидаги минг гектарлик адирликда ташкил этилган бу боғларнинг ўрни, ростини айтсак, 7-8 йил аввал ҳатто, янтоқ ҳам унмайдиган тошлоқ эди. Тошда гул унмаслиги аён ҳақиқат. Лекин олтиариқликлар “аён ҳақиқат”ни буздилар, уларнинг кучи, давлатнинг қўллови билан тошлоқ ям-яшил боғу роғларга айлантирилди. Дастлаб қатор қудуқлар кавланди, ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида халқимиз ризқ-рўзи учун минг гектар янги манба пайдо бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йилги ташрифи доирасида мазкур узумчилик ва боғдорчилик плантациясида бўлиб, амалга оширилган юмушлар билан танишиб чиққанидан кейин ишлар янги босқичга кўтарилди.
Хуллас, вилоят ҳокимлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан ўзлаштирилган 1 000 гектар майдонда лойиҳада кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун қиймати 102 миллиард сўм бўлган ишлар бажарилди. Бу пулларнинг асосини тижорат ва маҳаллий банклар кредити ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ташкил этди. Жаҳон банки 1 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.
Ўзлаштирилган ер майдонлари 1421 та лотларга бўлиниб, 560 гектарида узум кўчатлари ва 300 гектарида интенсив боғлар ҳамда 140 гектарида инфратузилма майдони ташкил этилди.
Токзорларга 5 турдаги - Ҳусайни, Келин бармоқ, Мерс, Ризамат ва Кишмиш навли узумлар, интенсив боғларга эса олма, гилос, ўрик кўчатлари экилди.
Ҳудудда 4 та янги кооперация “Янги Қўрғонча боғлари” ИЧК, “Олтиариқ Янги Боғлари” ИЧК, “Бест Кооператор” ИЧК, “Олтиариқ Яшил макон” ИЧК ташкил этилди. Қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган мини тракторлар, юк машиналари сотиб олинди. 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омборлари, маиший хизмат шохобчалари барпо этилди. Боғ ва токзорларнинг катта қисми аҳолига бўлиб берилди.

Ҳудудда 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилиб, уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари иш билан таъминланди.
Замонавий агросаноат мажмуида етиштирилган маҳсулотларнинг 30,4 фоизи Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда, 64,4 фоизи ички бозорга сотилиб, 5,2 фоизи қайта ишланмоқда.
Бугунги кунда 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган бўлса, бу рақам келажакда 3 145 тага кўпаяди. 1 гектар ер майдонидан олинадиган даромад 180 - 200 миллион сўмга, 1 нафар фуқаронинг даромади эса 45 - 50 миллион сўмга етажаги ҳам аниқ-тиниқ ҳисоб-китоб қилинган.
— Мен Россияда мигрант эдим, - дейди Қўрғонча МФЙ фуқароси Азизжон Исмоилов. – Уйга қайтиб келганимдан кейин токзордан 20 сотих ер беришди. Токлар орасига ловия, тарвуз, маккажўхори экиб, дастлаб 15 миллион сўм даромад олдим. Токларим тўлиқ ҳосилга киргани сайин даромадим ортиб боряпти, худо хоҳласа, ҳадемай, ҳақиқий миллионер бўламан.
Азизжондек бўлгуғуси миллионерлар Фарғонада оз эмас.
Умуман, 2017 – 2024 йилларда вилоятда 19,3 инг гектар ерлар ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилди. Ушбу майдонларда мевали боғ ва токзорлар, пистазор, малина ва павлония плантациялари ташкил этилди. Бу каби узумчилик ва боғдорчилик плантациялари аҳоли даромадини ошириш баробарида, юртимиз экспорти салоҳиятини ошириш учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилаётир.

Энди икки оғиз кластер дейилмиш мўъжиза ҳақида.
Маълумки, кластер атамаси лисонимизга кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлсада, бу калима каттаю кичик - ҳамманинг вужудига сингиб улгурди. Сабаби эса аён: кластер иқтисодиётимиз юксалишининг илҳомчиси. Буни Фарғона мисолида, биргина пахтачилик соҳаси ҳам аён кўрсатиб турибди. Мана, 2022 йилга доир бир мисол. Ўша йили вилоятдаги 2 минг 509 та фермер хўжалик томонидан 82 минг гектар майдонга чигит экилди. Фермерлар 13 та пахта тўқимачилик кластер корхоналари билан 285 минг тонна пахта хомашёси етиштириш бўйича шартномалар имзолашди.
Мавсумда 285,8 минг тонна пахта хом-ашёси етиштирилди. Вилоятда пахта ҳосилдорлиги кўрсаткичи 2021 йилга нисбатан 1,5 центнерга ошди. Яъни, 2021 йилда вилоятда пахта ҳосилдорлиги 33,3 центнерни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 34,8 центнерга етди.

Тўқимачилик тармоғи хомашё, экспорт ва аҳоли бандлигида улкан салоҳиятга эга. Фақат илмга асосланиб самарадорликни ошириш, жайдарича айтганда, “ишнинг кўзини билиш” керак. “Ишнинг кўзини” биладиган кластерлар пайдо бўлди.
2018 йили 300 нафар ишчи билан дастлабки ишлаб чиқариш тармоғини йўлга қўйган тадбиркор Музаффар Раззоқов шундайларнинг биттаси. У тез орада катта лойиҳа – “Global textile group”га асос солди. 1500 та янги иш ўрни яратган мазкур компания юқори сифатли машиналарда бўялган ва босилган трикотаж матолар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Эндиликда “Global textile group” – дунёдаги энг яхши ипларни ишлаб чиқарадиган Ўзбекистондаги етакчи тўқимачилик компанияларидан бири ҳисобланади. Мазкур компания гуруҳига Тошкент ва Фарғона шаҳарларида жойлашган бир нечта йигирув фабрикалари, тўқиш, бўяш устахоналари, пахта тозалаш заводи, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимига эга пахта далалари киради. Компанияда тўлиқ кластер тизими жорий этилган бўлиб, пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичлари “Global textile group”да амалга оширилади.
Бугунги кунда компания ўз маҳсулотларини Марказий ва Шарқий Европа, Бангладеш, Туркия, Хитой, Россия Федерациясига экспорт қилмоқда, шунингдек, маҳаллий бозорда сотмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида “Global textile infinity” кластерининг ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Ўшандаги кўрсатмалар асосида лойиҳа жадаллаштирилиб, декабрда ишга туширилди.
Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг “Rieter machine works” ускуналари ўрнатилган.
Корхона йилига 20 миллион метр аралаш мато ҳамда 15 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Европа давлатлари ва Хитойга 890 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун корхонада сифат лабораторияси ташкил этилган.
Яна бир муҳим жиҳати, ишлаб чиқаришда энергия тежовчи технологиялар қўлланмоқда. Иншоотнинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилган. Буларнинг натижасида қарийб 23 фоизгача энергия самарадорлигига эришиш мумкин.
3
Шу ўринда ҳамроҳлар суҳбатидан бир қадам четлаб, ҳинд донишмандининг бир ҳикматини эсламоқчиман. “Катта дарахт ўзгаларга соя берар, ўзи эса офтобда турар ва у ўзи учун эмас, бошқаларнинг ҳузур ҳаловати учун мева берар”. Мамлакат раҳбарининг меҳр булоғидан сув ичаётган Фарғона тўғрисида айтилгандай туюлади назаримда бу сўзлар. Фарғона ҳам бир азим дарахт мисоли кун сайин кўкка томон юксалиб бормоқда.
Агар 7-8 йил орасидаги юксалиш одимлар яна бир карра рақамларга солиб қаралса, бағоят ҳайратомуз манзаралар пайдо бўлади одамнинг кўз ўнгида. Қаранг, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2024 йил якуни билан 91,3 триллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилдагига нисбатан 4 баравар ошган.
Саноат корхоналари сони 7 йил аввалги 4520 тадан 12,9 мингтага кўпайган. Бу корхоналар 2017 йилда 9,7 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланган. Мазкур ўрсаткич 2025 охирига бориб 108,3 триллион сўмни ташкил қилади.
Хизматлар кўрсатиш ҳажми 2017 йилдаги 7,6 триллиондан 55,2 триллионга, жон бошига хизмат кўрсатиш даражаси 2,1 миллиондан 13,5 миллион сўмга ошган.
Йил охиригача хизматлар ҳажмини 60,8 триллион сўмга, ўсиш кўрсаткичини 115,3 фоизга етказиш; соҳасида 9,6 триллион сўмлик 35 мингдан ортиқ иш ўрнига эга 4787 та лойиҳани амалга ошириш белгилаб олинган.
Бугунга қадар 2 триллион сўмдан ортиқ 1800 тага яқин лойиҳа ишга туширилиб, 9,2 мингта янги иш ўринлари яратилди. Вилоятнинг 9 та туман ва шаҳарида 3 та (урбанизация, туризм, йўл бўйи) йўналишида 15 та мастер-режа ишлаб чиқилмоқда.
Бунда, 738 гектар ер майдонларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бўйича 4,4 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 4,2 минг нафар аҳоли банд қилинади.
Жумладан, Учкўприк тумани “Сариқўрғон” массивида 78 гектар майдонда туризм ва кўнгилочар марказлар ташкил этиш орқали 25 та объект барпо этилади ва 500 та иш ўрни ташкил этилади.
Йўл бўйи хизмат кўрсатиш йўналишида Бешариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Тошлоқ, Қува ва Қувасой туманларидаги 22 гектар майдонда 150 дан ортиқ объектлар ташкил этилиб, 400 нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
Сўх туманида “Угам” дарёси тажрибаси асосида 25 гектар майдонда туризм ва соғломлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади. 8 та кўп қаватли уй, санатория, меҳмон уйлари, мини молл, кузатув минораси, спорт мажмуаси каби объектлар қурилади.
Тадбиркорлар сафидаги ўсишни айтмайсизми? 2017 йилда барча тадбиркорлар сони 18 минг 200 тани ташкил қилган бўлса, эндиликда уларнинг қатори 58,6 мингтага етди. Йил охиригача яна 10 мингта тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Бешариқ туманидаги “Сариққамиш кўли”нинг 40 гектар майдонида “Овчилик туризми” йўналишида дам олиш маскани ва хизмат кўрсатиш маркази ташкил этиш лойиҳасининг мастер-режаси ишлаб чиқилмоқда.
Лойиҳа қиймати 63 миллиард сўм бўлиб, унга кўра 50 дан ортиқ хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилади ва 400 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Натижада бу манзилларда йилига 100 мингдан ортиқ сайёҳларга хизмат қилиш имкони пайдо бўлади.
Умуман, бугун Фарғонада жами 27 560 та якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият юритиб, мазкур йўналишда Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Туризм барча вилоятлардаги каби Фарғонада ҳам иқтисодиётнинг энг йирик карвони саналади. Воҳада азиз жойлар, қадимий манзиллар, азиз-авлиёларнинг қадамжойлари, умуман, хорижлик меҳмонлар бир кўришни орзу қиладиган манзиллар жуда кўп. 2020 йилда вилоятга 56 минг нафар хорижий ва 500 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюргани, 2024 йилда эса хорижий сайёҳлар сони 469 минг, маҳаллий туристлар 2,8 миллион нафарга етказилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Туристларнинг ўртача қолиш вақтини 1 - 2 дан 4 - 5 кунга узайтирилиши натижасида, 2020 йилда туризм хизматлари экспорти 3,6 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу рақам 144 миллион долларга ёки 40 баробарга ўсгани ҳам ижобий ҳол.
Шунга қарамай, ҳар қадами осори-атиқалар макони бўлган Фарғона учун бу етарли эмас. Мисол учун, жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган меҳмонхоналар, улардаги хизмат кўрсатиш маданияти ... кам эди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йили вилоятга келган пайти Фарғонада юлдуз тоифасидаги меҳмонхоналар мавжуд эмаслигини танқид қилди. Танқид – келажакнинг меваси. Адолатли танқид қисқа вақтда мева берди - 13 та юлдуз тоифасидаги меҳмонхона ишга туширилди. Йил якунигача яна 10 та меҳмонхона шундай тоифага сазавор бўлади.
2025 йилда туризм йўналишида умумий қиймати 1,2 триллион сўм бўлган 125 та лойиҳа амалга оширилади ва 3 250 та янги иш ўринлари яратилади.
Сулув табиати, бетакрор салоҳияти билан аҳли олам эътиборини ўзига жалб қилаётган, 2024 йилнинг ўзида 10 та ҳалқаро, 15 та республика миқёсидаги 65 та фестиваль, форум, конференция, концерт-томоша ва бошқа турдаги оммавий томоша тадбирлари ўтказилган Фарғонада кўп юлдузли, энг замонавий меҳмонхоналар, кўпайиши зарур-да! Ахир, “Атлас байрами”. VI халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали”, анъанавий “Туркий ҳалқлар ҳунармандчилиги” мавзусидаги форум, “Лаванда фестивали”, “Фарғона - водий гавҳари. Инвестиция ва туризм истиқболлари” халқаро форуми, “Аҳмад Ал-Фарғонийнинг дунё астрономия илмига қўшган ҳиссаси” халқаро конференцияси каби халқаро фестиваллар, форумлар, конференциялар ҳамма жойларда ўтказилавермайди-ку, шундай эмасми?
Айтаверсанг, санайверсанг китобларга сиғмайди. Ҳатто, аччиқ қалампирдан ҳам “ширин-ширин” даромадлар олиняпти. Эсингизда бўлса, мамлакат етакчиси бундан 3-4 йил илгари аччиқ қалампирдан мўл ҳосил олиш мумкинлиги тўғрисида гапирган эди. Бувайдалик фермер Рустам Иномов давлат раҳбарининг чақириғига биринчилардан бўлиб жавоб қайтарди.
-Президентимизнинг сўзларидан кейин ғалла ва пахта далаларинг четига “дала қозон”га деб минг тупча аччиқ қалампир экдим, - дейди фермер. – Ер экинни соғиниб қолган эканми, ҳосил қуйилиб кетди. Ҳосилни дастлаб хўжалигимизнинг қалампирхўрларига улашдим. Йўқ, узун, тўқ қирмиз рангли, аччиқликда “чемпион” қалампирлар “мени уз, мени уз” деб тураверди. Кейин оиламиз билан ҳашар қилиб бир кун давомида ҳосилни йиғиштириб олдик.
Улашганларимдан қолгани нақд 850 килони ташкил қилди.Қалампирни қоплаб, бир халтасини туман бозорига олиб бордим. Бозорда тасодифан “экспортчи тадбиркор” билан танишиб қолдим.
-Ҳаммасини оламан, - деб ўша ернинг ўзида 5,5 миллионни санаб қўлимга тутқазди.
Бекорга “иштаҳа овқат пайти келади” дейилмас экан. Кейинги йил ариқ-зовурларнинг четларига, 15 сотихлик ҳовлимга, даланинг бир қарич бўлса ҳам бўш ерига, ҳамма-ҳаммасига қалампир экдим. Худонинг кароматини кўринг, 17 тонна қалампир сотдим.
Олма-олмани кўриб ранг олади-да! Бугун Фарғонада қалампир экаётганларнинг саноғи йўқ. Шу йилнинг 8 ойида етиштирилган 806,6 тонна аччиқ қалампир Жанубий Осиё мамлакатларига экспорт қилинди ва 996,1 минг доллар даромад олинди.
Кўрасиз, қалампир етиштирувчилар сони келажакда янаям кўпаяди.
Биз кўпинча хориждан келадиган сармояларни инвестиция, деймиз. Аслини олганда, ички имкониятлардан оқилона фойдаланишнинг ўзи ҳам энг улуғ инвестиция.
Фарғонада бу каби қанча-қанча “инвестиция” булоқлари қайнаб-тошиб ётибди.
Фарғоналик икки ижодкор - “Охунжон Ҳаким ва Йўлдош Сулаймон публицистикаси”га бағишланган илмий-амалий конференцияси баҳонасидаги сафар давомида бунга яна бир марта имонимиз комил бўлди. Айни чоғда қуйидаги хулоса қалбимизда муҳрланди: Биз Фарғонани қайтадан кашф этдик! “Кашф этдик!” ибораси айрича жозибаси билан вилоят кутубхонасида ўтган коференция чоғида ҳам, шаҳар ва қишлоқларда меҳнаткашлар билан бўлган учрашув-суҳбатларда ҳам қайта-қайта тилга олинди.
— Эшитинглар! – топшириқ оҳангида мурожаат қилди қайтаётганимизда Обидов:
Бу ватан қандай ватандир, ҳар гўшасида турмалар,
Қўнгани бир ер тополмай осмонда йиғлар турналар.
Сиз аср бўлган қафасни тишларим бирлан бузай,
Бузмасам маҳшар куни бағримни армон тирналар.
– Биласизми бу қайғули мисраларнинг ижодкори ким? –Халқ! – ўз саволига ўзи жавоб қайриб давом этди у. – Таҳқирланган, эзилган, адолатсизликдан бағри қонга тўлган халқ. Мусибатлар силсиласидан аламзада халқ ўзининг маҳзун ва мунгли ҳаётини, исёнини, мунаввар кунлар умидини шу тарзда баён этган.
Худога шукр, у кунлар чириб, йўқ бўлиб кетди. Агар боболаримиз бугунги бахтга тўла дамларни ўз кўзлари билан кўрганда нима деган бўлар эдилар?
— Тушуняпсизми ҳурматли шоирлар, Обидов жаноблари нима демоқчи? – жиддий қиёфада атрофдагиларга юзланди Мелибоев. – Жаноб Обидов шеърга жавоб қайтаринг, демоқдалар.
Шоирлар ҳам тайёр туришган эканми, жавоб ҳам тайёр эди.
Норқобил Жалил:
Бу ватанга келса қайтиб кетолмайди турналар.
Абдурасул Жумақул:
Ҳар юракка таъзим қилмай ўтолмайди турналар.
Фармон Тош:
Ҳар қадамда меҳнат, ижод, яшаш завқи муҳташам;
Ҳусан Эрматов (ҳам яхшигина шоир экан):
Бахт қўрғонин ҳисобига етолмайди турналар.
Ҳаммамиз беихтиёр жўр бўлиб айтиб юбордик:
-Бу ватанга келса қайтиб кетолмайди турналар...
Абдусаид Кўчимов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси