Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “2022 – 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мактаб таълимини ислоҳ қилишнинг бир қатор устувор вазифалари белгилаб берилган эди.
Шу асосда Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими тизимида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан яқинда 12 нафар педагог ходимдан иборат делегация Японияда бўлиб қайтди.
— Ташриф давомида 2023 – 2024 ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги 19 та умумтаълим мактабида Япониянинг ўқитиш методикасини тажриба-синов тариқасида жорий қилиш белгилаб олинди, - дейди Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов. — Шартномага кўра, Токио шаҳридаги “Имаи” элементар мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Гото Микако ҳамда роботехника ва аниқ фанлар бўйича япониялик профессор Коганезава Коичи Фарғона вилояти ҳокимининг таълим бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Бу борада кўзланган асосий мақсад таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчиларнинг таълим методикасини халқаро тажрибалар асосида янгилаш, математика, информатика ўқитувчиларига методик ёрдам кўрсатиш, вилоятдаги аниқ фанлар, робототехника, сунъий интеллект йўналишлари бўйича ўқувчиларнинг билим салоҳиятини оширишдан иборатдир.
[gallery-13771]
Шундай қилиб, мазкур ўқув йилидан танлаб олинган 19 та мактабда кунлик машғулотлар одоб дарслари билан бошланиши, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаб бориш учун эрта ёшдан меҳнатга чиниқтириш режалари ишлаб чиқилиб, синф раҳбарлари ва ота-оналар ўртасида ҳар бир боланинг ўқиши, хулқи бўйича мулоқот ўрнатиш мақсадида алоқа дафтарлари жорий этилди. Бундан ташқари таълим масканларининг моддий-техник базаси ҳамда санитар-гигиеник ҳолатини яхшилаш чоралари ҳам кўриляпти.
Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА