Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида волейбол бўйича “Миллатлар лигаси-2025” Марказий Осиё чемпионати бошланди. Унда Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Туркманистон давлатлари ҳамда мамлакатимиздан жамоалар иштирок этмоқда.
Мазкур мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олган Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барча иштирокчиларини нуфузли спорт мусобақаси билан табриклаб, жамоаларга омад тилади.
Марказий Осиё волейбол ассоциацияси (CAVA) томонидан Фарғонада илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли мусобақа нафақат спортни тарғиб қилиш, балки минтақадаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари – Волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бекмурод Абдуллаев мазкур спорт мусобақаси иштирокчиларини табриклаб, ўзаро дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда бу каби тадбирлар муҳим ўрин тутишига эътибор қаратди.
Тадбир давомида иштирокчи жамоаларга вилоят волейбол федерациясининг эсдалик совғалари топширилди.
Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар ва спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчага кўтаринкилик улашди.
[gallery-23664]
Бугун мусобақаларга старт берилиб, жамоалар ғолиблик учун баҳслашмоқда. Мазкур мусобақа жорий йилнинг 4 июнь кунига қадар давом этади.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров(сурат), ЎзА