Фарғона вилояти иқтисодиётида Корея Республикасининг улуши ортиб бормоқда. Бунда вилоят бу мамлакат ҳудудлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйгани муҳим ўрин тутади.
Бугун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Ульсан метрополитен шаҳри мэри Ким Ду Гён билан учрашди.

Маълумки, Ульсан шаҳри Фарғонада касбга ва тилга ўқитиш маркази ташкил этган эди. Ҳозир уни тугаллаган юзлаб фарғоналик ёшлар Ульсан шаҳридаги кемасозлик заводида меҳнат қилишмоқда.

Бугун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Ульсан метрополитен шаҳри мэри Ким Ду Гён “Биродарлашган ҳудудлар” битимини имзоладилар. Шартнома икки ҳудуд ўртасида иқтисодиёт, инвестиция, таълим ва бошқа соҳалар бўйича янги ҳамкорлик лойиҳаларига кенг йўл очади.
Фарғона вилояти делегацияси аъзолари Ульсан шаҳрида ўқийдиган ва ишлайдиган фарғоналик ёшлар билан учрашдилар.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА