Мамлакатимизда маҳсулотлар ва технологияларни маҳаллийлаштиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, энергетика ва ёқилғи соҳасида миллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ташқи бозорларга боғлиқликни камайтиришга доир ташаббуслар устувор аҳамият касб этмоқда.
Бу жараёнда маҳаллий корхоналар томонидан эришилаётган натижалар эътирофга лойиқ. Хусусан, авиация соҳаси учун синтетик ёқилғининг маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилиши бўйича амалга оширилаётган қадамлар бунинг яққол мисолидир. Яқинда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида (ФНҚИЗ) “Uzbekistan GTL” томонидан ишлаб чиқарилган синтетик компонентлар асосида Jet A1 туридаги ёқилғисини серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бу ҳақда “Saneg JetWhites” компанияси директори Азизбек Ғаюпов қуйидагиларни маълум қилди:
– Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва “Uzbekistan GTL” заводи ҳамкорлигида Jet A1 туридаги ярим синтетик авиакеросиннинг саноатбоп серияли ишлаб чиқарилиши бошланди. Бу лойиҳа мамлакатда авиация ёқилғисига бўлган талабни қоплаш, ташқи бозорларга боғлиқликни камайтириш ҳамда ёқилғи хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасида авиакеросинга бўлган ички талабни қоплаш даражасини ҳозирги 40-50 фоиздан 70-80 фоизгача ошириш имконини яратади.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи “Uzbekistan GTL” корхонасида ишлаб чиқарилаётган синтетик керосин компонентини қўшган ҳолда Jet A1 авиация ёқилғисини серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Лойиҳа оператори сифатида маҳаллий ва импорт қилинган авиация ёқилғисини сотишга ихтисослашган “Saneg JetWhites” компанияси фаолият олиб бормоқда.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Саноат энергетика гуруҳи мутахассислари босқичма-босқич режа ишлаб чиқди ҳамда И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети билан ярим синтетик авиакеросин намуналарини технологик мувофиқлаштириш ва синовдан ўтказиш бўйича шартнома имзолади. Тадқиқотлар халқаро амалиётда қабул қилинган малакавий баҳолаш усуллари асосида олиб борилди.
Синов натижаларига кўра, ижобий хулосалар олинди ҳамда саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди. Бу эса ФНҚИЗда ишлаб чиқарилган Jet A1 ярим синтетик керосинни фуқаро авиацияси ҳаво кемаларига ёқилғи сифатида қуйиш учун “Ўзавиация” агентлиги маъмуриятининг расмий рухсатини олиш имконини яратди.
Айтиш керакки, Jet A1 ярим синтетик авиакеросини “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилган синтетик компонент (40 фоиз) ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган анъанавий Jet A1 ёқилғиси (60 фоиз) аралашмасидан иборат. Бундай комбинация юқори эксплуатацион хусусиятларни таъминлайди. Ёниш сифати яхшиланади, термооксидланиш барқарорлиги ва халқаро стандартларга мувофиқлик таъминланади. Энг муҳими, бу маҳаллий авиакеросин ишлаб чиқариш ҳажмини 60 фоиздан кўпроққа ошириш имконини беради.
Jet A1 ярим синтетик авиакеросинни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мамлакатимизнинг ёқилғи хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири саналади. Лойиҳа доирасида ички талабнинг асосий қисмини қоплаш ва маҳсулот технологик салоҳиятини ошириш мақсад қилинган. Биринчи босқичда ишлаб чиқариш ҳажми ойига 10 минг тоннагача етиши кўзда тутилган бўлса, иккинчи босқичда бу кўрсаткични 20-25 минг тоннагача ошириш имконияти мавжуд.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.