Ўзбекистон U-17 ўсмирлар терма жамоаси таркибида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Осиё чемпиони бўлган футболчилар орасида Самарқанддан икки нафар спортчи – пахтачилик Амирхон Муродов ва оқдарёлик Фариджон Абдуллаев ҳам бор.
“Келажак бунёдкори” медали ва Президент совғаси — “Кобалт” автомобили билан тақдирланган чемпионлар Самарқандда тантанали кутиб олинди.
Жумладан, Самарқанд футбол академиясида ушбу мактабнинг собиқ тарбияланувчиси Амирхон Муродов ва унинг ота-онаси, мураббийлари иштирокида ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимлиги ва спорт бошқармаси масъуллари иқтидорли футболчини табрикладилар.
Амирхон 2008 йилда Пахтачи туманининг Добусқалъа маҳалласида туғилган. Тумандаги 35-умумтаълим мактабида таҳсил олган. 2018 йилдан Пахтачи тумани спорт мактабида мураббий Шоҳруҳ Бобошеров қўл остида футбол билан шуғуллана бошлаган.
– Ўғлим болалигида математика ва инглиз тили фанларига қизиқарди, – дейди Амирхоннинг онаси Ҳилола Холмуродова. – Ўқитувчи бўлганим учун ўзим ҳам Амирхоннинг кўпроқ илм ўрганишини истардим ва доим назорат қилардим. Лекин ундаги футболга ҳавас барчасидан устун келди ва отаси билан келишиб уни футбол тўгарагига бердик. Тумандаги спорт мактабига қатнади, сўнггра Самарқанд футбол академиясига қабул қилинди. Кўп ўтмай Навоий вилоятида 15 ёшлилар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Самарқанд жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Ўшанда ўғлим Исломбек Исмоилов эътиборига тушиб, дастлаб “Пахтакор” футбол академиясига, кейин U-17 терма жамоасига чақирилди. Саудия Арабистонида ўтказилган Осиё кубоги ўйинларини ҳаяжон билан томоша қилдик. Финал баҳси жуда ҳаяжонли, қийин ва асабий учрашув бўлди. Футболчиларимиз ирода кўрсатиб, чемпионликни қўлга киритди. Улар орасида фарзандимнинг ҳам борлиги, Президентимиз томонидан давлат мукофоти билан тақдирланиши ва жаҳон чемпионатига йўлланма олгани биз учун фахр, энг катта бахт.
Амирхон Муродов футбол академияси тингловчиларига айни пайтдаги фаолияти ва Осиё чемпионати таассуротлари ҳақида гапириб берди.
[gallery-22992]
– Жамоадошларимиз билан ҳар бир ўйинда фақат ғалаба ва Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун майдонга тушдик, – дейди футбол бўйича U-17 терма жамоаси аъзоси Амирхон Муродов. – Биринчи бўлимда иккита четлатишдан кейин ҳам ўзимизни йўқотмадик. Танаффусда бош мураббий “Йигитлар, ўйинни қутқара оласизларми, бизга бутун Ўзбекистон кўз тикиб турибди. Мен сизларга ишонаман, сиз ғалабага ҳақли” деди. Биз ҳам охирги дақиқаларгача фақат ғалаба учун курашиб, буни уддалаймиз деб ваъда бериб, буни амалда исботладик. Энди ноябрь ойида Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаймиз ва энг яхши натижалар, ёрқин ғалабалар учун майдонга тушамиз.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари