Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) томонидан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида гендер тенглиги масалаларига бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур ташкилотнинг “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимидаги аёлларнинг ҳолати” глобал ҳисоботига кўра, дунёда қишлоқ хўжалигидаги гендер тафовутни бартараф этиш жаҳон иқтисодиёти кўрсаткичларини қарийб 1 триллион AҚШ долларига ошириши ва 45 миллион одамни очликдан қутқариши мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Гендер тафовутининг йўқ қилиниши эса озиқ-овқат тизимини янада мустаҳкамлайди ва миллионлаб одамларни қашшоқликдан халос этишга ёрдам беради.
Шу боис ташкилот қишлоқ аёлларини нафақат қишлоқ хўжалиги секторининг иштирокчилари, балки ушбу соҳанинг келажагини шакллантира оладиган етакчилар, инноваторлар ва ўзгаришлар ташаббускорлари сифатида кўради.
- Ушбу ҳисоботнинг асосий мақсади Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидаги аёлларнинг ҳолатини ўрганишдан иборат, - дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл. - Бутун дунёда қишлоқ хўжалигида аёлларнинг улуши ортиб бормоқда. Ўзбекистонда аёлларга қанчалик бу борада шароит ва имкониятлар яратиб берилган? Ресурслардан фойдаланиш имкониятлари қандай? Масалан, ер, сув ва ҳоказо.
Ҳисоботда бу бўйича муаммолар ҳам кўтарилган ва биз буни ҳамкорликда ечишимиз керак. Агар ушбу масалалар фақат ҳисоботларда қолиб кетса ҳеч қандай натижага эришмаймиз. Албатта, бу муаммолар ечими учун вақт керак бўлади. Лекин, биргина жойлардаги аёлларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш ҳам яхши натижа бериши мумкин. Рўзғор бошқариш, қишлоқ хўжалигида
ишлаш, қўшимча даромад олиб келиш йўналишидаям аёлларни қўллаб-қувватлаш лозим. Ўз кучи, ҳаракати ва идроки билан яхши натижаларни қўлга киритаётган аёлларни ҳам намуна сифатида кўпроқ ОАВ кўрсатиш керак деб ҳисоблайман.
Учрашувда таъкидландики, аёллар қишлоқ хўжалиги секторида меҳнат қилаётганларнинг салмоқли қисмини ташкил қилади. Бироқ, уларнинг меҳнати кўринмайди, аксарияти норасмий ва кам ҳақ тўланадиган ишларда банд бўлиб, ишлаб чиқариш ресурслари, ижтимоий хизматлар ҳамда техник билим ва кўникмалардан фойдаланиш имконияти эркакларга қараганда бироз чекланган. Бундан ташқари, қишлоқдаги уй юмушлари шаҳарлик аёлларникига қараганда камида икки баравар кўп вақт талаб қилиши уларнинг имкониятларини юзага чиқаришда тўсқинлик қилиши мумкин.
Тадбир давомида Ўзбекистон бўйича янгиланган мамлакат гендер баҳолашининг хулосалари тақдим этилди. Ҳисоботда сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш йўналишида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилгани, хусусан, “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда “2020–2030 йилларга мўлжалланган гендер тенглигига эришиш бўйича Миллий стратегия” қабул қилингани эътироф этилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dHU8Se7EKaM" title="FAOning gendertengligi boʼyicha ishchi uchrashuvi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳисобот гендер тенглиги ҳамда такомиллаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимлари ўртасидаги боғлиқликни тушуниш йўлида муҳим қадам бўлиб, сиёсий ечимларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшиши ва натижада қишлоқ аёллари ҳамда уларнинг оилалари ҳаётини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Зеро, гендер баҳолаш жамият олдига аниқ мақсадларни қўяди, йўриқнома ва тавсияларни ишлаб чиқишга кўмаклашади. Шу билан бирга қишлоқ хўжалигида ФАО дастурларининг амалга оширишда дастуруламал бўлади.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА