Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли адиба Маъмура Зоҳидованинг “Манглайдаги ёзиқ” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани, бу эса миллатимизни китобхон, маърифатли бўлишидек мақсадларга йўналтирилганини таъкидлади.
– Президентимизнинг халқимизни дунёдаги энг китобхон халққа айлантириш борасидаги ташаббуслари натижасида бадиий адабиётларни нашр этиш, уларнинг тарғиботини кучайтириш бўйича ишлар ҳар қачонгидан ҳам жадал тус олди, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Маъмура Зоҳидова китобхонлик, миллий адабиётимиз тарғиботида фаол қатнашаётган ижодкорлардан. Айни пайтда у атроф-муҳит, экологик барқарорликни сақлаш, она-табиатни келажак авлодга соф ҳолда етказишдек ғояларни ўқувчига уқдираётган масъулиятли ижодкорлардандир. Бу жиҳатлар адибанинг “Манглайдаги ёзиқ” номли янги китобида ҳам ўз ифодасини топган.
– Маъмура Зоҳидова асарининг бош қаҳрамонларини истиҳола, деб атаган бўлар эдим, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз ижодкор Хуршид Дўстмуҳаммад. – Муаллифнинг ёзганлари беш кунлик келинчакнинг гўёки қайнотаси билан гаплашаётгандек тасаввур уйғотади. Адиба истиҳола билан ёзади. Бу Маъмура Зоҳидова ижодида устувор хусусиятдир. Асарларида муаллифнинг гўзал ҳисларга бой, дилбар дунёси акс этади. Шу оҳанг уни ёзувчи сифатида мустаҳкам ушлаб туради. Маъмура Зоҳидова оммавий ахборот воситаларида ҳам долзарб мавзуларни тез-тез кўтариб чиқади. У шунчаки ёзмайди, балки муайян мавзуга тадқиқотчи сифатида ёндашади.
– Маъмура Зоҳидова асарларида одамларнинг изтироби, руҳияти, тақдири, олижаноблигию хиёнати маҳорат билан кўрсатилади, – деди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Бу асарларда манфаатларга бўйсуниб қолган жамиятдаги қаҳрамонларнинг қисмати, қадрияти, бепарволик, беғамлик инсон тақдирида қандай из қолдириши акс этади. Муаллиф фақат ўзбеккагина хос хусусиятларни катта маҳорат билан ифодалайди. “Манглайдаги ёзиқ” китобида ҳам шу жиҳатлар акс эттирилган. Айни пайтда инсон ўзгалар ҳисобига бахтли бўла олмаслигини ижодкор таъсирчан тарзда ушбу асарда ифодалаб берган.
Айтиш керакки, “Манглайдаги ёзиқ” номли китобдан муаллифнинг учта повести ўрин олган. Повестларнинг моҳиятида миллатнинг ўзлиги, миллий қадриятлар яққол кўриниб туради. Бир қарашда шунчаки, ҳаёт манзаралари содда тил билан чизилгандек тасаввур берадиган бу асарларда ижодкор инсон қалби фожиалари, миллат дардлари, тилимиз оғриқлари, ундаги ўрнини тўлдириш мушкул бўлган йўқотишлар, таълим жараёнидаги камчиликлар, инсонлар ўртасидаги қадр-қиммат, оқибат, садоқат, эътиборнинг йўқолиб бораётгани моҳирлик билан акс эттирган.
“Манглайдаги ёзиқ” китоби “Адабиёт” нашриётида чоп этилган. Унга атоқли ёзувчи Собир Ўнар муҳаррирлик қилган. Китобдан “Бойчечак”, “Садоқат”, “Манглайдаги ёзиқ” каби повестлар ўрин олган.
Тадбир давомида адабиётшунос олимлар, ёзувчилар Маъмура Зоҳидованинг фаолияти, ижоди хусусида батафсил сўз юритди.
Маъмура Зоҳидова 1973 йилда туғилган. Наманган давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
У мактаб ва академик лицейда она тили, адабиёт, давлат тилида иш юритиш, нутқ маданияти, миллий истиқлол ғояси, ходимларни бошқариш каби фанлардан ўқувчиларга сабоқ берди. Миробод тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида филология фанлари методисти, Ўзбекистон Қуролли кучлар Академияси Чет эл жанг-жанговар тактикасини ўрганиш ва татбиқ этиш бўлимида илмий ходим-таржимон, ўқув бўлими катта ёрдамчиси каби вазифаларда фаолият юритган.
Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўқув-методик ва ҳарбий-ватанпарварлик бўлими бошлиғи вазифасида ишлаяпти.
[gallery-14887]
Маъмура Зоҳидованинг ёш авлод тарбияси, бадиий адабиётимиз, тилимизнинг ўрганилиши масалаларига бағишланган 50 дан ортиқ мақолалари эълон қилинган. Жумладан, “Бобур лирикасида эстетик тарбия масалалари талқини”, “Лотин алифбосидан кимлар қўрқади?..”, “Дарсликдаги хатолар”, “Дарсликлар мукаммал бўладими?", “Бойчечак – баҳор қўшиғи эмас”, “Имло луғатининг ўзида хато бўлса...”, “Ўқув марказининг мақсади: кўпроқ абитуриент келсин”, “Ҳарбий атамалар қайси тиллардан ўзлашган”, “Тил миллатнинг руҳи бўлса...”, “Тилимизнинг жилосини аввало тилшунослар кўрсатишсин”, “Менинг тиғ тилган тилим...”, “Адабиёт кўчирмачиликни кечирмайди”, “Истеъдодсиз бола йўқ” каби мақолалари республика нашрларида чоп этилиб, жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган.
Маъмура Зоҳидованинг “Ҳикоялар” (2000), “Айтилмай қолган гаплар” (2013), “Нажот куйи” (2017), “Булоқли мозор сири” (2018), уч повестни ўзида жамлаган “Манглайдаги ёзиқ” (2021) каби шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган.
2020 йилда АҚШнинг “Amazon Press ins” нашриётида “Loyalty” (“Садоқат”) номли повести инглиз тилида чоп этилган. 2019 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида нашр этилган “Турон учқунлари” тўпламига “Нажмиддин Кубро” балладаси киритилган. Унинг “Садоқат”, тилимиз оғриқлари, болалар тарбияси ва таълимидаги кўринмас фожиаларга бағишланган “Бойчечак” повестлари Сувон Мели, Қозоқбой Йўлдош, Зуҳриддин Исомиддинов каби атоқли адабиётшунос олимлар томонидан эътироф этилган.
2020 йилда халқаро миқёсда ўтказилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” танловида публицистик асарлар йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритган, “Ватан учун яшайлик” республика ижодий танловида “Бойчечак” қиссаси учун рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланган.
Маъмура Зоҳидова – Ёзувчилар уюшмаси томонидан республика миқёсида ўтказилиб келинаётган “Хиёбон оқшомлари” ижодий кечаларининг ташкилотчиси. Шу билан бирга уюшма қошидаги ёш носирларнинг “Умид” тўгараги раҳбари.
Маъмура Зоҳидова бадиий ижод билан бирга изоҳли луғатга кирмаган сўзлар бўйича мустақил илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. У 2000 йилда “Ижодкор ўқитувчилар анжумани”нинг туман ва вилоят босқичларида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этган. Ўша йили чоп этилган ижодкор ўқитувчилар асарлари жамланган “Муборак дамлар” тўпламига шеърлари киритилган. Маъмура Зоҳидова 2023 йилда давлатимиз раҳбари фармони билан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА