Дунё тадқиқот ва ишланмаларга жуда катта маблағ сарфлайди. Глобал ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 2 фоизи – бу ҳар йили миллиардлаб доллар дегани. Аммо шунга қарамай, ҳали ҳам кўплаб муаммолар мавжуд.
Қуйида турли мамлакатларда такрорланадиган баъзи муаммолар келтирилган:
1. Маблағ етишмаслиги ва бюджетнинг қисқариши. Кўпгина мамлакатлар таълим ва илм-фанга етарли маблағ ажратмайди. Масалан, таълимга халқаро ёрдам камайиб бормоқда: 2020 йилларда пандемия ва урушлар каби инқирозлар туфайли у 10–15 фоизга қисқарди. Оқибатда мактаб ва олийгоҳлар ускуналарни янгилай олмайди, олимлар эса тадқиқот ўтказа олмайди. Бу ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг кўпроқ пул тўлайдиган бизнесга кетишига олиб келади.
2. Пул тақсимотидаги тенгсизлик. АҚШ ёки Германия каби бой мамлакатлар ялпи ички маҳсулотнинг 2–3 фоизини, кам ривожланган давлатлар эса 0,5 фоиздан камроғини тадқиқотларга сарфлайди.
Тенгсизлик фанлар орасида ҳам кўринади: IT ва тиббиёт яхши молиялаштирилса, гуманитар фанлар ёки экология ёмонроқ молиялаштирилади. Натижада иқлим ўзгариши каби глобал муаммолар секин ҳал қилинмоқда, чунки пул нотўғри йўналишда кетмоқда.
3. Фан ва таълимнинг иқтисодиёт билан интеграцияси етарли эмаслиги. Кўпгина мамлакатлар молиялаштиришни бозорнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғламайдилар. Олимлар кашфиётлар қилишади, аммо жорий этиш учун пул йўқ бўлса, улар жавонда қолиб кетади. Ривожланаётган мамлакатларда бу малакали кадрларнинг етишмаслиги билан янада кучаяди – иқтисодиёт “ақл оқими”дан азият чекади, чунки истеъдодли кадрлар яхшироқ молиялаштиришни излаб чет элга кетади.
Ўзбекистонда илмий соҳани ривожлантириш ва олий таълим самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, амалдаги ҳолат таҳлили бир қатор тизимли муаммоларни кўрсатади. Жумладан, молиялаштиришнинг асоссиз тақсимланиши натижасида миллий тараққиёт учун устувор бўлган соҳалар етарлича қўллаб-қувватланмаяпти. Мавжуд лойиҳаларнинг катта қисми гуманитар йўналишларга тўғри келиб, агросаноат, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, биотехнологиялар ва энергетика соҳаларида етарли миқдорда илмий ишланмалар амалга оширилмаяпти.
Бу эса ресурсларнинг самарасиз сарфланиши, фундаментал тадқиқотларнинг ишлаб чиқаришга трансформация қилинмаслиги ва иқтисодиётнинг технологик ривожига керакли таъсир кўрсатмаслигига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда 468 та илмий лойиҳа 952 миллиард сўмга молиялаштирилган бўлса-да, ресурслар тақсимотида мувозанатсизлик кузатилмоқда: 41 фоизи гуманитар соҳаларга, 19 фоизи қишлоқ хўжалигига, 17 фоизи соғлиқни сақлаш ва биотехнологияларга, 9 фоизи қайта тикланувчи энергетика ва сув ресурсларига, атиги 6 фоизи IT соҳасига йўналтирилган.
Натижада стратегик соҳалар етарли даражада молиявий қўллаб-қувватланмаяпти.
Жаҳон тажрибаси илмий кластерлар шакллантиришнинг самарали модел эканини кўрсатмоқда.
Илмий кластерлар – бу аниқ илмий ва технологик мақсадларга эришиш, инновацияларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, шунингдек, мамлакатда илмий фаолият самарадорлигини ошириш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштирган илмий-тадқиқот, таълим ва ишлаб чиқариш ташкилотлари гуруҳидир. Улар муайян ҳудудлар ёки йўналишлар доирасида фан, таълим ва бизнес ўртасидаги яқин ҳамкорлик асосида шаклланади.
Шу асосда бизда ҳам “университет – илмий институт – саноат” тамойилига асосланган кластерлар жорий этилиб, уларнинг молиялаштирилиши халқаро экспертлар иштирокида уч йиллик танлов асосида амалга оширилади.
Улар экология ва сув, сунъий интеллект, соғлиқни сақлаш ва биотехнология, қайта тикланувчи энергетика, агротизим ҳамда янги материаллар йўналишларини қамраб олади.
Докторантура тизимида ҳам туб ўзгаришлар кўзда тутилмоқда. “Ўзбекистон – илғор муҳандислар юрти” ташаббуси доирасида илмий кадрлар тайёрлаш жараёни қайта кўриб чиқилди.
2026 йилдан бошлаб докторантурадаги квоталарнинг 60 фоизи устувор йўналишларга ажратилади, университетларга эса қўшимча базавий стипендиянинг 30 фоизи лаборатория ва илмий инфратузилмани ривожлантириш учун йўналтирилади.
Қабул жараёни эндиликда нафақат имтиҳонларга, балки “Research Proposal”га асосланади.
“Research Proposal” (Тадқиқот таклифи) – режалаштирилган илмий тадқиқотнинг мақсади, аҳамияти, методологияси, шунингдек, вақт жадвали ва кутилаётган натижаларини батафсил тавсифловчи тузилмавий ҳужжатдир.
У тадқиқотчининг муаммони аниқ шакллантиришга, тегишли усулларни танлашга ва ўз ишининг илмий соҳа учун муҳимлигини асослашга қодир эканини намойиш этади.
Раҳбарларнинг масъулияти кучайтирилади, докторантлар эса биринчи йилдан методология, академик ёзув ва статистик таҳлил бўйича пухта тайёргарликдан ўтади.
Илмий кенгашлар фаолиятида ҳам рақамлаштириш ва шаффофликка асосланган янгича тизим жорий қилинади.
Илмий кенгаш (ёки олимлар кенгаши) – илмий ва таълим муассасаларида илмий, ўқув ва тарбиявий фаолиятни бошқарувчи коллегиал орган ҳисобланади.
У тадқиқотларнинг истиқболли йўналишларини белгилайди, иш режаларини маъқуллайди, уларнинг натижаларини баҳолайди, диссертацияларни тасдиқлайди, илмий унвонлар ва бошқа фахрий мукофотларни беради.
2026 йилдан уларнинг фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш механизми киритилиб, кенгаш аъзолари илмий салоҳияти, диссертациялар сифати, мақолаларнинг нуфузига қараб баҳо берилади.
Барча диссертациялар мустақил, жумладан хорижий экспертиза асосида текширилади. Натижада:
– паст рейтингли илмий кенгашларнинг фаолияти чекланади, раҳбарлари эса алмаштирилади;
– ҳимоя жараёнлари соддалаштирилади;
– чет тили бўйича алоҳида имтиҳонлар бекор қилиниб, халқаро сертификатлар билан алмаштирилади;
– монография ва автореферат чоп этиш талаби олиб ташланади.
Шу билан бирга, чет эл дипломи нострификациясини бекор қилиш ва ягона миллий тартибни сақлаб қолиш орқали тизимнинг адолатлилиги таъминланади.
Юқори аттестация комиссияси фаолияти мустақиллигини таъминлаш мақсадида Фанлар академиясига ўтказилади.
Бу орган илмий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштиради, ишларда халқаро стандартларга мувофиқликни текширади ва зарурат бўлганда қарорларни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
2026 йилдан барча жараёнлар ягона онлайн платформага кўчирилади: мақолалар топшириш, тақризлар, йиғилишлар режалаштирилиши ва якуний баҳолаш жараёнлари автоматлаштирилади. Бу эса инсон омилини камайтириб, тизимнинг шаффофлиги ва ишончлилигини оширади. Ўзбекистон фан ва олий таълим соҳасини модернизация қилиш йўлида янги босқичга қадам қўймоқда.
Илмий кластерлар орқали миллий ресурслар тўғри тақсимланади, фундаментал тадқиқотлар ишлаб чиқаришга трансформация қилинади ва мамлакат иқтисодиётининг инновацион ривожига хизмат қилади.
Илмий даражалар бериш тизимининг рақамлаштирилиши ва халқаро стандартларга яқинлаштирилиши миллий илм-фаннинг нуфузини ошириб, ёш олимлар учун қулай имкониятлар яратади.
Келгуси йилларда амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда илм-фан глобал рақобатга чиқа оладиган ва миллий тараққиётнинг асосий драйверига айланадиган тизимга айланиши кутилмоқда.
Бу эса мамлакатнинг технологик мустақиллиги, иқтисодий барқарорлиги ва жаҳон илмий маконида муносиб ўрин эгаллашига замин яратади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА