Самарқандда ўтказилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “2030 йилгача беш йил: Барқарор келажак учун давлат хизматларини кўрсатишни жадаллаштириш” мавзуидаги Давлат хизмати форуми (UNPSF 2025)да бир қатон нуфузли делегациялар қаторида Малайзия Бош вазири ўринбосари, энергетика ва сув трансформацияси вазири Фадиллаҳ Юсуф ҳам иштирок этди.
Бош вазир ўринбосари форумнинг очилиш маросимида сўзга чиқиб, Малайзияда давлат хизматини ривожлантиришда рақамли технологиялардан кенг фойдаланилаётганини таъкидлади.
– Ҳар уч йилда 25 фоиз эски қонунлардан воз кечамиз, уларни бугунги кун талабларига мос тарзда қабул қиламиз, – деди Фадиллаҳ Юсуф. – Ҳозир 5000 дан ортиқ давлат хизмати рақамлашган. Рақамли трансформация жараёнлари жадал давом этмоқда. Бу жараёнда сунъий интеллект имкониятларидан ҳам самарали фойдаланяпмиз.
Малайзиялик мулозим Самарқандга ташрифи давомида шаҳардаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди, шаҳар тарихи ва бугунига оид қимматли маълумотларга эга бўлди.

“Самарқандда маҳаллий раҳбарлар билан кечган самимий мулоқотлар, дўстона учрашувлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги тенг манфаатли дипломатик муносабатлар натижасидир. Ушбу ташрифим нафақат икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлайди, балки барқарор ва инклюзив келажак учун фикр, тажриба алмашиш ва стратегик ҳамкорлик учун майдон очади”, деб ёзди Фадиллаҳ Юсуф ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари