Ёшларнинг илм-фанга бўлган ишончи ва интилиши — келажакнинг мустаҳкам пойдевори десак адашмаймиз. Ана шу ишончни янада мустаҳкамлаш мақсадида 12 ноябрь куни пойтахтдаги “Ренессанс” номли кино уйида “ЭВРИКА–2025” танловининг тантанали якуний босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Фанлар академияси Илм-фан тарғибот маркази ташаббуси ҳамда “Science and Innovation” компанияси молиявий кўмагида, “Илм ва ижод байрами” шиори остида ташкил этилди.
Маросимда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 500 дан ортиқ ёш олим, талаба ва тадқиқотчилар, шунингдек, таниқли академиклар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этишди. Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Шавкат А. Аюпов, Ўзбекистон Экологик партияси раиси Абдушукур Хамзаев, “Science and Innovation” компанияси раҳбари Бахтиёр Н. Рустамов ҳамда илм-фан ва санъат вакиллари ташриф буюришди.
Қайд этиш жоиз, “ЭВРИКА” танлови йилдан-йилга ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқарувчи, янгича тафаккур ва инновацион фикрлашни қўллаб-қувватловчи платформага айланмоқда.
Хусусан, бу йилги танловда турли йўналишлар бўйича энг истиқболли 20 нафар ёш изланувчилар — Абдурахмонова Нилуфар Зайнобиддин қизи, Ахметжанова Моҳинур Олим қизи, Эшбекова Гулжахон Ғофур қизи, Ҳабибуллаев Беҳруз Шербоевич, Ибрагимов Сапажан Закирович, Идрисов Хусанжон Абдужабборович, Исақов Диёрбек Зиёдулло ўғли, Исраилова Зуҳра Мухсин қизи, Яхияева Шахноза Эрназар қизи, Мадаминов Бахтиёр Нуруллаевич, Маматқулова Нилуфар Файзуллақуловна, Нормуродов Дилшод Абдуразоқович, Қўзиева Махлиё Мухаммадиевна, Қосимов Жаҳонгир Авлоқулович, Сайфуллаева Гулҳаё Ихтиёр қизи, Шарипов Алишер Калбаевич, Тоҳиржонова Муаттархон Расулжон қизи, Товашов Рустам Хўжахмат ўғли, Турақулов Фозилжон Мамарайим ўғли ҳамда Мадалиев Муродил Эркинжон ўғли иштирок “ЭВРИКА–2025” танлови ғолиблари деб топилди. Фахрли 1-ўрин Мадалиев Муродил Эркинжон ўғлига насиб этди.
Маросим давомида ғолиблар статуэтка, диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар. Иштирокчилар ўз лойиҳалари орқали илм-фаннинг долзарб масалаларига ечимларни таклиф этишди ва бу билан ўз навбатида илмий натижаларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида дадил қадам қўйишди, десак янглишмаймиз.
Тақдирлаш маросими давомида “Рақамлар дунёни бошқаради”, “Табиат ва инсон”, “Техника ва ИТ технологиялари”, “Жамият, тарих, маданият”, “Фаол ёш олима аёллар учун” ҳамда “Энг яхши инновацион лойиҳа” номинациялари бўйича совриндорлар саҳнага таклиф этилди. Уларга мамлакатимиз илмий ва маданий ҳаётининг етакчи шахслари томонидан мукофотлар топширилди.
Тадбир давомида ижро этилган миллий рақс ва мусиқий чиқишлар, мотивацион нутқлар маросимга ўзига хос руҳ ва ижодий шукуҳ бағишлади.
Тантанали онлардан сўнг ғолиблар, фаол иштирокчилар ва ҳакамлар ҳайъати вакиллари ҳам алоҳида эътироф этилди.
ЭВРИКА–2025” танлови — бу ёшларнинг ўз имкониятини синовдан ўтказиш, илмий ғояларини амалиётга йўналтириш, ўзини кашф этиш учун майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Қолаверса, мазкур лойиҳа ёш авлодда илмий изланиш маданиятини шакллантириб, уларни илм-фан сари илҳомлантироқда.
Келгусида эса танловни кенгайтириш, халқаро миқёсга олиб чиқиш, Ўзбекистон илмий салоҳиятини янада юксалтириш режалари мақсад қилинган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/E3yXoD3PS5Y" title="“EVRIKA–2025” tanlovi g‘oliblarini taqdirlash marosimi bo‘lib o‘tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА