Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одил Рено-Бассо билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги йўналишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати ва мамлакат фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлари натижасида икки томонлама алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Банк кўмагида ирригация тизимларини модернизация қилиш ҳамда "яшил" иқтисодиёт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ЕТТБ томонидан "Wомен in Business" ва "Youth in Business" дастурлари доирасида мамлакатимиздаги кўплаб хотин-қизлар ва ёшлар қўллаб-қувватланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳудуднинг барқарор ривожланишига қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида эътироф этилди.
Томонлар Марказий Осиё мамлакатларининг яхши қўшничилик руҳидаги саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада ишонч ва ҳамкорлик муҳити мустаҳкамланиб бораётганини қайд этдилар. ЕТТБ билан шериклик бундан буён ҳам Ўзбекистон ва бутун минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Ҳамроз Баянов, ЎзА