Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Эътибор ва ғамхўрлик бизга куч берди”

Муқаддас Рамазон ойи инсон қалбида меҳр-оқибат, саховат ва бир-бирига кўмак бериш туйғуларини янада кучайтиради. Бу муборак ойда эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш каби эзгу ишлар янада кенг қулоч ёзади.

Бухоро вилояти Вобкент туманининг “Сўфидеҳқон” маҳалла фуқаролар йиғини ана шундай эзгу ишлар амалга оширилаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Маҳаллада бугунги кунда 3205 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда аҳолининг турли қатламлари билан тизимли ишлаш, эҳтиёжманд оилалар ҳамда алоҳида эътиборга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бу борада маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим Муҳтарама Абдуллаеванинг хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ.  

Маҳаллада бугунги кунда 82 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида иш олиб борилиб, ижтимоий ҳимоя чоралари кўрилмоқда. Ана шундай фуқаролардан бири — Ҳамза Саломов. У киши бир неча йиллар аввал содир бўлган бахтсиз ҳодиса сабабли узоқ йиллардан буён тўшакка михланган ҳолда ҳаёт кечириб келмоқда.

Унинг турмуш ўртоғи Маҳсума Саломова эса 17 йил давомида сабр-тоқат ва меҳр билан турмуш ўртоғига ғамхўрлик қилиб келмоқда. Бироқ бу ҳолат узоқ йиллар давомида расмийлаштирилмаган эди.

Ижтимоий ходим оиланинг аҳволини ўргангач, аввало Ҳамза акани чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш чоралари кўрилди. Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан дори-дармон воситалари учун моддий ёрдам ажратилди.

Бундан ташқари, “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида Маҳсума опа турмуш ўртоғига қаровчи сифатида расмийлаштирилиб, унга ойлик маош тайинланди. Унга психологик хизмат ҳам кўрсатилиб, маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, юридик хизмат кўмагида судга даъво аризаси киритилиб, Маҳсума Саломованинг турмуш ўртоғига қараган даври учун 17 йиллик меҳнат стажи тиклаб берилди. Оилага электр энергияси ва табиий газ тўловлари учун компенсация ажратилди ҳамда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.

–Эътибор ва ғамхўрлик бизга катта куч берди, –дейди Маҳсума Саломова. –Турмуш ўртоғим бир неча йиллар аввал бахтсиз ҳодисадан кейин тўшакка михланиб қолган. Шу вақт давомида унга қараб, оиламизни асрашга ҳаракат қилиб келдим. Ростини айтсам, баъзан қийинчиликлар ҳам бўларди. Кейин маҳалламиз ижтимоий ходими Муҳтарама Абдуллаева хонадонга келиб, ҳолимизни ўрганди. Ҳужжатларимизни расмийлаштиришда, турмуш ўртоғимни тиббий кўрикдан ўтказишда катта ёрдам берди. Энг муҳими, мен турмуш ўртоғимга қаровчи сифатида расмий иш билан таъминландим. Бу биз учун катта енгиллик бўлди. Бунинг учун давлат раҳбарига ўзимизнинг миннатдорлигимизни билдираман.

Бундай эзгу ишлар, айниқса, Рамазон ойида амалга оширилаётган саховат ва кўмак тадбирлари маҳаллада инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири