Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” ғояси асосида ташкил этилган “Байроқ эстафетаси” ўтказилди.
Нукус шаҳрида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни давлатимиз байроғи қабул қилинганлигининг 34 йиллик байрами муносабати билан табриклади.

Мазкур тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган тадбирлар ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Чунки мамлакатимиз байроғи қабул қилинган куни арафасида бутун мамлакатимиз бўйлаб “Байроқ эстафетаси” кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.
Айниқса, Мўйноқ туманидан старт олган эстафета иштирокчилари Қўнғирот, Қонликўл, Шуманай, Хўжайли туманларида юқори даражада кутиб олиниб, бугун Нукус шаҳрига етиб келишди. Ушбу эзгу тадбирда 3 минг нафардан зиёд аҳоли вакили, 100 нафардан ортиқ спортчи ва 50 га яқин автотранспорт воситаси иштирок этди. Шу муносабат билан авто ва мото карвонлари, отлар паради, пиёда юриш марафони ва концерт дастури ташкил этилди.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсонни улуғвор ишларга бошлашда ва қалбларда миллий ғурур-ифтихор туйғуларини уйғотишда давлат рамзларининг тутган ўрни жуда катта.
Мўйноқдан старт олган “Байроқ эстафетаси” Оролбўйининг тарихий масканларимиздан бири бўлган Чилпиқ қўрғони ёнида якунланиб, ёши улуғ нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Хоразм вилояти фаолларига топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири