
Орамиздаги замондошлар
Нагифа Назарова мана 30 йилдирки “НКМК” АЖ қарашли Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида геологик ишларда кон ишчиси бўлиб ишлайди.
Аслида кон фаолияти дастлабки босқич бурғилашдан бошланади. Аммо Нагифа опа сингари геолог ишчилар бўлмаса бурғиланган қудуқлар бурғиланганича қолиб кетаверади. Опа ва унинг жамоаси 5 метргача бурғиланган қудуқлардан намуналар олади. Шу намуналар асосида Марказий таҳлил лабораторияси натижаларига кўра, навлар режаси тузилиб маъдан қазиб олиш ишлари бажарилади. Баъзида карьер қарига тушиб махсус идишларга намуналар йиғиш эркакларга ҳам бироз қийинчилик туғдиради. “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида геологик ишларда кон ишчиси бўлиб ишлаётган Нагифа Назарова ўз ишини уддалашда эркак шерикларидан сира қолишмайди.

Учқудуқ туманининг Кўкпатас қўрғонида туғилган қаҳрамонимиз болалигиданоқ Қизилқум кенгликларидаги қазилма бойликларини ўрганаётган геологик қидирув экспедицияси ходимларининг ишини меҳр билан кузатар, уларга ҳавас қиларди. Чўпон отасига сурув-сурув қўйларни боқишга ёрдам бераркан, барибир геолог бўлиш орзусидан воз кечмади. Мактабни тамомлагач, олийгоҳга ўқишга бориш учун оилавий имкониятлар етарли эмаслигини билгач, 17 ёшида “Самарқандгеология” Кўкпатас кон геологик қидирув экспедициясига ишга кирди. Кейин Шимолий кон бошқармаси кадрлар тайёрлаш бўлимининг геологик намуна терувчи шогирди касбига ўқиди. Мана шунга ҳам қарийб ўттиз йил бўлибди.
– Бизнинг ишимиз ниҳоятда аниқлик, пухталик, тезкорлик ва тажрибани талаб этади, – дейди қаҳрамонимиз. – Чунки ҳар икки ярим метрдан оладиган намуналаримиз билан кейинги жараёнларга старт берилади. Бугун бу ишларни бир ўзим бажараётганим йўқ. Ёнимда 20 дан ортиқ шогирдим бор. Уларга ўз касб сирларимни ўргатиб келяпман.
Албатта, осон ишнинг ўзи йўқ. Ҳар бир юмушнинг оғири, машаққати бор. Конда ишлаш эса инсондан катта матонат талаб қилади. Кон карьерларида ишлаш ҳақида гап кетганда, унинг залворли меҳнати аёллар у ёқда турсин, унча-мунча эркакни ҳам сергак торттиради. Дарвоқе, кончилик 20 та хавфли касбнинг бири саналади.
Йил – ўн икки ой бу ерда иш қайнайди. Қишнинг қировли кунларида “эланган” қумлар ҳам музлаб қолади. Ёмғирли мавсумда ивиб намуналар йиғишга тўғри келади. Ёзнинг жаримасида эса қуёш тандирдай қиздиради. Карьерда эса пана жойни топишнинг ҳеч иложи йўқ.
Ҳар куни уйидан 30-40 км узоқликдаги ишига бориб келаркан, Нагифа опа буларнинг барини оғир ва хавфли иш деб оғриниб эмас, балки ғайрат ва фидойилик билан қабул қилади. Шукроналик келтиради. Аслида эрталаб ишга, кечқурун уйига шошадиган одам дунёдаги энг бахтли инсондир. Чунки уни уйида тинч ва хотиржам оиласи кутади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири