Эртага, яъни жорий йилнинг 11 ноябрь куни пойтахтимизда “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида "Транспорт ва логистика - TransLogistica Uzbekistan 2025" 21-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлайди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилаётган ушбу анъанавий тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, БАА, Беларусь, Германия, Корея, Латвия, Покистон, Россия, Туркия, Хитой, Швейцария, Қозоғистон ва Ҳиндистон каби 14 мамлакатдан 75 та компания иштирок этади.
“Iteca Exhibitions” компанияси бош директори Нигора Ҳасанова бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:
– Компаниямиз эртага иккита йирик тадбирни ташкил этяпти. Бу – "Транспорт ва логистика - TransLogistica Uzbekistan 2025" 21-халқаро кўргазмаси ҳамда "Умумий хавфсизлик тизимлари - Securex Uzbekistan 2025" 16-халқаро ва «Электроника, электротехника ва инновацион технологиялар - E-TechExpo 2025» 4-халқаро кўргазмасидир.
Маълумки, транспорт соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим роль ўйнайди. Марказий Осиёда стратегик жойлашуви туфайли транспорт инфратузилмасининг ривожланиши ташқи савдо алоқаларининг ўсишига ёрдам беради ва мамлакатнинг логистика салоҳиятини мустаҳкамлайди. Транспорт хизматлари ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини, хомашё ва маҳсулотлар етказиб берилишини таъминлайди, экспорт имкониятлари ва инвестицияларни қўллаб-қувватлайди.
2004 йилда илк бор ташкил этилган “TransLogistica Uzbekistan” халқаро кўргазмаси ҳозирда Ўзбекистонда соҳанинг етакчи кўргазмасига айланган бўлиб, мамлакат транспорт соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Бу йил кўргазма анъанавий равишда автомобиль, денгиз, темир йўл, мультимодал ва ҳаво транспорти, логистика хизматлари ва таъминот занжири каби транспорт секторларида технологиялар, маҳсулотлар ва ечимларнинг кенг доирасини намойиш этади.
Шунингдек, иккита ихтисослаштирилган халқаро кўргазма – “Securex Uzbekistan” ва “E-TechExpo 2025” бир вақтнинг ўзида ўтказилиши хавфсизлик ва электротехника соҳаларидаги мутахассислар учун ноёб имкониятларни очади. Ушбу тадбирларнинг комбинацияси иштирокчиларга нафақат энг сўнгги ускуналар ва технологиялар билан танишиш, балки тегишли соҳалар ўртасида самарали ҳамкорликни ўрнатиш имконини беради.
Қўшма экспозицияда Ўзбекистон, Австрия, Беларусь Республикаси, Германия, Корея Республикаси, Польша каби 10 та мамлакатдан 139 та компания қатнашади.
Аҳамиятлиси, кўргазмалар нафақат транспорт, логистика ва электротехника соҳаларидаги илғор тажрибаларни ўртоқлашиш имконини яратади, балки халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистонда замонавий инфратузилмани ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.