Эронда 500 киши сотқинликда гумонланиб қўлга олинди
Эрон хавфсизлик идоралари мамлакатда 500 нафар шахсни хорижликларга маълумот етказишда гумон қилиб, ҳибсга олди. Бу ҳақда мамлакат полицияси раҳбари Аҳмадризо Радон маълум қилди. Унинг айтишича, ушланганларнинг бир қисми ҳарбий манзиллар ҳақида маълумот берган, бошқалари эса ҳаво зарбаси нуқталарини тасвирга олиб, четга узатган.
Амалиёт бир неча ҳудудда ўтказилган. Масалан, мамлакат шимоли-ғарбида 20 киши Исроилга ҳарбий ва хавфсизлик объектлари жойлашуви ҳақида ахборот беришда айбланмоқда. Шимоли-шарқда эса 10 нафар шахс стратегик инфратузилма тўғрисида маълумот тўплагани учун қўлга олинган.
Инқилоб қўриқчилари разведкаси тахминига кўра, АҚШ ва Исроил ҳужуми асносида Эрон ичида ҳам “разведка тармоғи ва ёлланма агентлар” фаоллашган. Теҳрон бу ҳолатни ташқи кучларнинг мамлакат ичида беқарорлик яратишга уриниши билан изоҳлаган.
Ғарбдаги Луристон вилоятида ҳам уч киши жамоатчиликни қўзғатишга уринишда гумонланган. Таъкидланишича, Исроил сўнгги зарбалар учун айрим нишонларни маҳаллий ахборот манбалари орқали аниқлаган.
Ислом Ресубликасида ҳукуматга қарши намойиш йил бошида ҳам кузатилган эди. Ҳокимият ўша норозиликни ҳам АҚШ ва Исроил таъсири билан боғлаб, давлат тузумини ағдаришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА