Бир неча ой аввал Эрон Ислом Республикаси Президенти доктор Масъуд Пезешкиён ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўртасидаги учрашув чоғида икки халқ муносабатлари келажагига оид аниқ қатор ташаббусслар илгари сурилган эди. Бундай келажак ўзаро ҳурмат, умумий маданий ва цивилизацион мерос, шунингдек тинчлик ва минтақавий барқарор тараққиёт сари якдил интилиш тамойилига асосланган.
Ўша муҳим учрашувда Эрон Президенти шундай таъкидлади:
– Эрон ва Ўзбекистон – бир тананинг ажралмас икки бўлаги, маданияти, илми ва эътиқоди асрлар давомида ёнма-ён ривожланиб келган икки юрт. Географик чегара ҳеч қачон халқларимизни бир-биридан ажрата олмаган.
Бу фикр чуқур тарихий ҳақиқатни англатади: Нишопурдан Самарқандгача, Бухородан Шерозгача маданият, илм-фан ва маънавият руҳи одамларимиз томиридаги қон билан асрлар давомида бирга оққан.
UNESCO Бош конференцияси Ўзбекистонда ўтказилиши бу заминдаги бой маданий ва цивилизация меросининг яна бир ёрқин далили бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, тарихий шаҳар Самарқандда ўтаётган ушбу нуфузли халқаро анжуманни юксак даражада ташкил этгани учун Ўзбекистон ҳукумати ва меҳмондўст халқига чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Мазкур тарихий тадбир доирасида Куруш (Кир II) цилиндри UNESCO рўйхатига киритилиши Эрон томонидан жаҳон ҳамжамиятига яна бир муҳим хабарни етказди: маданият – ҳар қандай халқнинг “юмшоқ кучи”, Эрон ва Ўзбекистон эса инсониятнинг бебаҳо меросини асраб-авайлаб келаётган икки буюк макондир.
Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан маданий, илмий, таълимий ва туристик ҳамкорликни кенгайтириш йўлида янги қадамлар ташлашга тайёр.
Бизнинг Маданий мерос, туризм ва ҳунармандлик вазирлигимиз Фан, Маданият ва Ислом йўриқномаси ҳамда Таълим вазирликлари билан ҳамкорликда икки мамлакат ўртасида сайёҳлар, олимлар, тадқиқотчилар ва санъаткорлар алмашинувини кенгайтирувчи қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга интилади.
Биз қатъий ишонамизки, мулоқот, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат – минтақамизда тинчлик ва тараққиётни таъминлаш, янада фаровонликка эришишнинг асосий калитидир.
Ўтмишда бўлгани каби, бугун ҳам Эрон ва Ўзбекистон Марказий Осиё ва Ислом оламида маданият, илм ва маънавият туғини биргаликда баланд кўтара олади.
Самарқанд бизга шуни яна бир бор эслатдики, маданиятнинг чегараси йўқ. Орамизда масофа йўқ – Эрон ва Ўзбекистон риштаси умумий тарих, руҳий яқинлик ва муштарак цивилизацион мерос билан мустаҳкамланган.
Доктор Саййид Ризо Солиҳий Амирий,
Эрон Маданий мерос, туризм ва ҳунармандлик вазири,
ЎзА