Якшанба куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Покистонга ташриф буюриб, Бош вазир Шаҳбоз Шариф билан учрашди. Мулоқот чоғида у ўзаро товар айирбошлаш миқдорини 3 миллиард доллардан 10 миллиард долларга кўтаришни режалаштирилаётганини билдирди.
— Барча йўналиш ва соҳаларда муносабатни чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича жиддий қўшма саъй-ҳаракат олиб борилмоқда, — дея етакчининг сўзларини келтирган Эрон ҳукумати расмий сайти. — Ишончимиз комилки, савдо амалиётини мўлжалланган даражага осон ва тез етказа оламиз.
Таъкидланишича, Эрон ва Покистон ўртасида сиёсий, иқтисодий, савдо ва маданий соҳаларда турли келишувлар бор. Томонлар энди туризм, логистика, фан ва таълим алоқаларини ҳам мустаҳкамлайди. Навбатдаги ҳужжатлар транзит, жумладан денгиз, темир ва автомобиль йўллари – чегара бозорини яратиш ва мунтазам кенгайтириб бориш, қўшма эркин иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутади.
Давлат раҳбарлари сўнгги халқаро ва минтақавий воқеаларни ҳам муҳокама қилган.
Пезешкиён қўшимча қилишича, кўтарилган масалалар юзасидан икки Ислом республикасининг нуқтаи назари жуда ўхшаш. Учрашувда Исроил билан рақобатда минтақа давлатлари саъй-ҳаракатини бирлаштириш зарурлиги ҳам тасдиқланган.
С.Раҳимов, ЎзА