2026 йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, маҳаллий бюджетлар даромадларини камида икки карра кўпайтириш вазифасини қўйди.
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев шу йўналишда қилинаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди:
– Маҳаллий бюджетлар даромадларини кўпайтириш мақсади ижросини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Шу асосда маҳаллий бюджетлар даромадлари ва қўшимча манба маблағлари оширилади. Маҳаллий ижро этувчи органлар раҳбарларининг ваколатларини кенгайтириш орқали мустақиллиги таъминланади. Маҳаллий ҳокимликлар ободонлаштириш бошқармаларининг барқарорлигини ошириш, бюджет интизомига риоя этилишини кучайтириш ва аҳолини коммунал хизматлар билан узлуксиз ва барқарор таъминлашда маҳаллий ҳокимликлар масъулияти оширилади.
Маҳаллий бюджетларнинг даромад манбаини ва маҳаллий ҳокимият органларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб илгари тўлиқ республика бюджетига йўналтирилган қўшилган қиймат солиғи тушумларининг Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига 5 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар маҳаллий бюджетларига 20 фоизи йўналтирилади. Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар эса бундан мустасно.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига алкоголь маҳсулотларини (бундан пиво мустасно) реализация қилиш ҳуқуқи учун ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини (бундан пиво мустасно) реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкаларини 20 фоизгача ошириш ваколати берилди. Мазкур йиғимлардан тушган тушумлар тўлиқ миқдорда туман (шаҳар)лар бюджетларига йўналтирилади.
2026 йилдан бошлаб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни тўғридан-тўғри ижарага беришдан давлат бюджетига ўтказилиши белгиланган маблағлар тегишли туман (шаҳар)лар бюджетларига йўналтирилади.
Деҳқон бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорларидан Ўзбекистон Республикаси бюджетига тушган солиқлар ушбу соҳадаги ҳамда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун мазкур бозорлар жойлашган туман (шаҳар)лар бюджетларига ўтказилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Хусусан, 2026 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги жамғармалар ва маҳаллий бюджетлар қўшимча манбалари маблағларининг бўш турган қисмини белгиланган тартибда аукцион орқали тижорат банкларида депозитга қўйиш ҳисобига қўшимча даромад топиши мумкинлиги белгиланди.
Маблағларни депозитга қўйиш тегишли Халқ депутатлари кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади ва олинган қўшимча даромадлар тўлиқ миқдорда тегишли халқ депутатлари кенгашлари қарорлари асосида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаларига ўтказилади.
Маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, албатта, бюджет интизомига қатъий риоя қилинишини талаб қилади. Бюджет интизомига риоя қилиниши, ўз навбатида, маблағларнинг белгиланган йўналишда сарфланиши ва қарздорликларни юзага келишининг олдини олади.
Шу мақсадда Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бюджет харажатлари параметрларини шакллантириш ва ижро этишда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сотиб олиш, шунингдек, коммунал хизматлар харажатларидан маблағлар етишмовчилигига йўл қўйиш, маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан норматив-ҳуқуқий асоси бўлмаган қўшимча штат бирликларини сақлаш ва молиялаштириш манбаи аниқ бўлмаган тадбирларни ва (ёки) параллель лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштириш ва кредитор қарздорликларга йўл қўйиш қатъиян тақиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар ҳокимликларига тегишли маҳаллий бюджетдан маблағ билан таъминланадиган бюджет ташкилотларида мавжуд штат бирликларининг вазифа ва функцияларини ўрганиш асосида паст самарали ва бир-бирини такрорловчи штат бирликлари мақбуллаштирилади.
Мақбуллаштирилган маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар кенгашлари қарорлари асосида аҳоли томонидан кўтарилган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан боғлиқ долзарб муаммоларни бартараф этиш, шу жумладан, қўшимча штат бирликларини жорий этиш учун йўналтирилади.
Мақбуллаштирилган маблағлардан фойдаланиш тартиби Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томондан ишлаб чиқилади ва Сенат томонидан тасдиқланади.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаларида белгиланган барча вазифалар, шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг даромад манбаи кенгайтирилиши ҳамда қарорда белгиланган мақсад ва вазифалар туман ва шаҳарлар инфраструктурасини яхшилашга йўл очади. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади, фаровонлик ошади. Президентимиз таъкидлаганларидек, барча тадбирлар “Инсон қадри учун” хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА