Адабиётга бефарқ бўлмаган инсон борки, ижодкорлар билан суҳбатга ошиқади, талпинади. Асарларнинг туғилиши, унга юкланган ғоялар ва асар дунёга келишига сабаб бўлган омиллар ҳақида шахсан муаллифнинг ўзидан эшитиш ҳар бир адабиёт мухлиси учун завқли ва мароқли.
Айни шу мақсадда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири Эркин Аъзам билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Қизиқарли ва самимий руҳда ўтган тадбирда сиртқи бўлим 4-курс талабалари, Масофавий таълим кафедраси ўқитувчилари ҳамда ёзувчининг кўплаб мухлислари иштирок этди. Учрашув давомида адиб талаба ва устозлар билан ҳозирги адабий жараён, ижод лабораторияси, асарларининг ҳаётий асослари ҳамда уларнинг экранлаштирилиши масалалари юзасидан фикр алмашди.
Тадбир давомида иштирокчилар ёзувчига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Эркин Аъзам эса ижодий фаолияти, асарларининг яратилиш жараёни ва адабиётнинг бугунги ривожланиш йўналишлари ҳақида батафсил гапириб берди. Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув талабаларда бадиий адабиётга бўлган қизиқишни янада кучайтирди.
Тадбир якунида ижодга ошно талабалар олийгоҳ раҳбариятига миннатдорлик билдириб, бундай ижодий учрашувлар тез-тез ташкил этилишини илтимос қилишди.
Шербек Исломов
ЎзА