Ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, турли сабабларга кўра тўла-тўкис қонуний ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда қурилган уй-жойлар ва ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқини таъминлашда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу ҳужжатда якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса, барча ҳудудларда 0,24 гектардан, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган бўлса, Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 0,06 гектардан, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмайдиган ҳажмда белгиланган.

Қонунга мувофиқ, ҳудудларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич инвентаризация қилиш ҳар йилги режа-жадвал асосида амалга оширилади. Шуни қайд этиш лозимки, қонундаги имтиёзлар 2028 йилнинг 1 январида якунланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида мазкур қонуннинг ижросини Андижон вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар агентлиги, Энергетика вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтган йиғилишда ушбу қонун ижроси юзасидан вазирлик ва идораларнинг ахборотлари тингланди.
Ахборотларда қайд этилганидек, 2025 йил 16 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакат бўйича 680 мингдан ортиқ объект хатловдан ўтказилган. Шундан 280 мингга яқин объект автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. 9 минг 89 та объектга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилган бўлса, 5 минг 50 таси рад этилган. 1 минг 700 дан ортиқ объект эса халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилмоқда.
Эшитувда Андижон вилоятида қонун ижросини таъминлашда қатор тизимли муаммолар борлиги айтиб ўтилди. Хусусан, “E’tirof” ахборот тизимида маълумотларни келишиш жараёни узоқ вақтни талаб қилиши, ҳимоя зонасига тушган ерларнинг умумий майдони рад этилаётгани, космик суратларнинг етарли эмаслиги, аҳоли учун ортиқча ташкилий қийинчиликлар юзага келаётгани қайд этилди. Шунингдек, айрим ҳудудларда хатлов ишлари режа асосида бажарилмаяпти, солиқ миқдорининг юқорилиги аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Муҳокамаларда ҳимоя зонасига тушган ер участкалари ва бино-иншоотларга ҳуқуқларни эътироф этиш масалаларида ягона меъёрий ёндашув мавжуд эмаслиги, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда турли хил ҳолатлар кузатилаётгани нафақат Андижон, балки бошқа ҳудудларга ҳам хос муаммолар экани алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнида қўшимча тўловлар ва солиқ қарздорлиги масаласи аҳоли учун оғирлик қилаётгани айтилиб, солиқ юкини қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Депутатлар мутасаддиларга ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнида бюрократик тўсиқларни камайтириш, “E’tirof” ахборот тизимини такомиллаштириш, ҳудудлардаги муаммоларни марказий органлар даражасида ҳал этиш лозимлигини таъкидладилар ва қатор таклифлар бердилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА