Коррупция ҳолатлари ер билан боғлиқ муносабатларда кўпроқ кузатилиши сир эмас. Масалан, ноқонуний ер сотиш, айниқса, суғориладиган ер майдонларини ўзлаштириш ҳолатлари тез-тез учрайди.
Бу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Кадастр агентлигининг “Е-yer nazorat” тизими давлат ер назоратини юритишнинг ягона электрон платформаси ҳисобланади.
2026 йил 1 январдан махсус ваколатли давлат органларининг ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, уларга тегишли чоралар кўришга оид вазифалари фақатгина “Е-yer nazorat” тизими орқали амалга оширилади.
Ерга оид ҳуқуқбузарлик даражасига кўра “қизил” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли юқори ҳудудлар; “сариқ” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли ўрта ҳудудлар; “яшил” тоифадаги ҳудуд – ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш эҳтимоли паст ҳудудларга бўлинади.
Бунда, “қизил” тоифадаги ҳудудларда махсус дронлардан фойдаланган ҳолда ҳар чоракда камида бир маротаба, “сариқ” тоифадаги ҳудудларда махсус самолёт ёрдамида ҳар 6 ойда камида 1 маротаба мониторинг кузатувлари олиб борилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА