Давлатчилик пойдеворини тиклаш ҳеч қачон осон кечмаган. Бу муқаддас йўл машаққат ва чексиз фидокорликни талаб этади. “Темур тузуклари”даги битиклар бунинг ёрқин ифодасидир. Ўн тўртинчи асрнинг ўрталарида Туроннинг бошқарув майдони беқарор эди. 1362 йили Темурбек ўз атрофида бор-йўғи ўн нафар йўлдоши билан чорасиз қолган воқеалар юз берди.
Уларнинг еттитаси отлиқ, уч киши пиёда эди. Бўлажак салтанат асосчиси Темурбек жуфти ҳалоли Ўлжой Туркон оғони ўз отига миндириб, саҳро сари йўл олганди. Бу чекиниш эмас, балки буюк салтанат арконлари тикланишидан олдинги тарихий синов эди. Ушбу жараён бутун қитъа тақдирини ўзгартирувчи одимларнинг бошланиши ҳисобланади.
Оғир шароитда инсон руҳияти синовдан ўтади. Чўлдаги қудуқ бошида мудҳиш сотқинлик юз берди. Уч нафар хуросонлик йўлдош отларни ўғирлаб қочди. Етти киши бор-йўғи тўртта от билан саҳрода қолди. Оддий инсон бундай шароитда умидсизликка тушарди. Аммо йигирма олти ёшли Темурбекнинг идроки мустаҳкам эди. “Тузуклар”дашундай ёзилади: “Аҳволим жуда оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман деб, ҳеч ўкинмас эдим”. Бу сўзлар замирида олий даргоҳ эгасининг совуққон тафаккури яширинган. Айнан шу қатъият келажакдаги музаффарият учун замин яратди.
Кўп ўтмай тақдир навбатдаги оғир синовни тақдим этди. Моҳон ҳокими Алибек ҳужум қилиб, уларни тутқун қилди. Олтмиш икки кун давомида бўлажак жаҳонгир қоронғи уйда сақланди. Бундай зулм иродани барбод қилиши тайин эди. Бироқ жаҳонгирнинг шижоати бунга йўл қўймади. Буқуйидагича қайд этилади: “Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва Тангрининг инояти етиб баҳодирлигим тутди”. Соқчининг қиличини тортиб олиб, мардона ҳамла қилди. Унинг ҳайбатидан барча соқчилар қочди. Қилич яланғочлаган ТемурбекАлибекнинг устига бостириб кирганида, ҳокимнинг ҳуши бошдан учган эди. Бу жасорат унинг енгилмаслигини исботлади.
Тутқунликдан озод бўлгач, яна саҳро томон йўл олди. Тез орада теваракдан ўн икки отлиқ тўпланди. Икки кундан сўнг улар маҳаллий туркманларнинг ҳужумига дуч келдилар. Оломон уни ўғри гумон қилиб ташланган эди. Аммо Ҳожи Муҳаммад исмли киши уни таниб қолиб, тўполонни тўхтатди. Соҳибқирон ўта нозик сиёсий фаросат ва саркардалик санъатини намойиш этди. “Тузуклар”да: “Мен ҳам унинг кўнглини овлаб, бошига мандилимни қўйдим”, деб қайд этилади. Бу оддий тортиқ эмас, балки чексиз ҳурмат ва халқпарварликнинг олий намунаси эди. Натижада, бутун бир уруғ унга мулозим бўлди.
Атрофида олтмиш отлиқ жам бўлгач, салтанат арконлари устида тўртинчи кенгашини ўтказди. Маҳаллий аҳоли томонидан ёвга сотилиб кетиш хавфини олдиндан сезди. Эл оёғи етмаган Хуросон томонларга чекинишни маъқул топди. Бу қадам узоқни кўзлаган пухта тадбир эди. Йўл устида Моҳон ҳокими Муборакшоҳ Санжарий ва бошқалар келиб қўшилди. Аскарлар сони икки юзга етди. Эндиги вазифа Мовароуннаҳрни мўғуллар – Жета ва Илёсхўжа зулмидан озод қилиш эди. Адолат мезонлари тикланиши учун янги ва қудратли қўшин керак эди. Бу қарор бутун минтақанинг тарихий қиёфасини ўзгартиришга қаратилган эди. Унинг тафаккури қитъа миқёсидаги ўзгаришларни кўзларди.
Буюк ғалаба учун пухта режа тузилди. Қўшинни вақтинча Бухоро томонларга йўллаб, ўзи Самарқандга хуфёна борди. Бу воқеа “Тузуклар”да шундай ёзилади: “Тунда пинҳона Самарқандга кирдим ва тўнғич опам Қутлуғ Туркон оғанинг уйига бориб жойлашдим”. У қирқ саккиз кун давомида тафаккур оғушида чора излади. Улус оралаб, икки мингга яқин кишини ўзига иттифоқдош қилди. Улар Самарқанд узра салтанат байроғини кўтаришга қасамёд қилдилар. Бу ҳолат унинг хуфёна сафарбарликдаги тенгсиз иқтидорини кўрсатади. Сири очилиб қолай деганда, шаҳарни тарк этиб, Хоразм саҳросига чекинди. Музаффарият учун фақат қилич эмас, балки ўткир ақл ҳам ҳаводек зарур эди.
Амударё бўйидаги “Ачиғи” мавзесида кучлар қайта бирлашди. Бухоро теварагида қолдирилган ҳарам аҳли ва лашкар етиб келди. Темурхўжа ўғлон ва Баҳром жалойир каби беклар ҳам ўз қўшинлари билан қўшилди. Атрофида мингдан зиёд жангчи жамланди. Энди у оддий сардор эмас, балки катта куч эгасига айланганди. Шу ерда кенгаш чақириб, Бохтарзамин ва Қандаҳор томонларга юришга ҳукм қилди. Бир пайтлар қудуқ бошида тўртта от билан қолган саркарда, энди қитъа тақдирини ҳал қилувчи юришга отланди. Бу машаққатли йўл уни жаҳонгирлик мақомига олиб чиқувчи буюк бунёдкорлик сафари эди. Олдинда ҳали янада машаққатли курашлар кутарди.
“Темур тузуклари”нинг бу саҳифалари миллатимиз учун тенгсиз ибрат мактабидир. Инсон бошига қандай оғир савдолар тушмасин, иродани сустлаштирмаслик чинакам мардлик белгисидир. Қийинчиликлардан оқилона чиқиш йўлини топа билиш буюкликнинг асосий шарти ҳисобланади. Ушбу тарихий ҳақиқатлар бугунги кунда ҳам миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади. Соҳибқироннинг зафарномаси шунчаки ҳарбий ғалабалар эмас, балки инсон руҳиятининг қатъият олдидаги тантанасидир. Унинг қилган ҳар бир тадбири тарихий хотирамизни юксалтиради.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА