Давлатимиз раҳбарининг 2024 йили имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида спорт иншоотларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш ва уларга зарур шарт-шароитларни яратиш вазифаси белгиланган.
Шу асосда имконияти чекланган, ногиронлиги бор инсонларга спорт билан бепул шуғулланиш имконини яратиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар туфайли жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 300 тадан ошиқ спорт ва таълим муассасаларида 2 миндан зиёд спорт гуруҳлари ташкил этилиб, 11 минг 700 нафардан ошиқ матонат соҳиблари спортнинг турли йўналишлари бўйича машғулотлар ва мусобақалар билан қамраб олинди.

Куни кеча пойтахтимиз Тошкентда енгил атлетика бўйича ақлий ривожланишида нуқсони бўлган ёшлар ва қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати мазкур саъйи-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Матонат соҳибларига чинакам спорт байрамини туҳфа этган чемпионат баҳсларида Наманган, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган енгил атлетикачилар 1-тоифа қисқа масофага югуриш, жойидан узунликка сакраш, теннис тўпини улоқтириш, шунингдек 2-тоифа 100 ва 200 метрга югуриш, узунликка сакраш, найза улоқтириш йўналишларидаги баҳсларда ўз омадларини синовдан ўтказди.

Ирода тимсоли бўлган спортчилар ўртасидаги мусобақалар якунига кўра, 16 та олтин, 21 та кумуш ва 13 та бронза медалига эга чиққан пойтахт жамоаси 1-ўринни, 10 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза медали жамғарган Тошкент вилояти жамоаси 2-ўринни, 8 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали қўлга киритган хоразмлик енгил атлетикачилар 3-ўриндан жой олишди.

Байрамона кечган чемпионат сўнггида ғолиб ва совриндорларлар муносиб тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА