Навоий вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан “Энг яхши бошқарув органи” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Бугунги кунда вилоятдаги 2072 та кўп квартирали уйларга 66 та бошқарув сервис компаниялари, 5 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳамда Навоий шаҳар уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси томонидан коммунал хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Барча бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдоралари ширкатларида 24/7 режимида фаолият олиб борадиган авария-диспетчерлик хизматлари ташкил этилган.

Вилоятда фаолият олиб бораётган бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдоралари ширкатлари ўртасида 1-босқич ўтказилиб, Навоий шаҳридан “Ҳумо-уйлари плюс”, “Гулобод сити-2020”, “Комфорт ҳаёт ПБК-151”, “Янги ҳаёт-2018” ҳамда Зарафшон шаҳридан “Зар намуна бошқарув компания” ва “Янги ҳаёт 2022” бошқарув сервис компаниялари вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланма олган эди.
Ушбу ташкилотлар 3 босқичда ўзаро беллашди.

1-босқичда ҳар бир қатнашчи “ноодатий таништирув” шартида иштирок этган бўлса, 2-босқичда ҳакамлар ҳайъати томонидан бошқарув биноси кўздан кечирилиб, тартиб-озодалик, ишчи ходимлар учун қулайлик, моддий-техника базаси ва диспетчерлик хизмати фаолияти баҳоланди. Шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш тезкорлиги ва сифати, бошқарувдаги кўп қаватли уйларнинг техник ҳолати ва туташ ҳудудлар ободлиги, аҳолининг фикри ҳам инобатга олинди.

3-босқичда эса иштирокчилар бир қатор саволларга ёзма жавоб берди.
Якуний натижаларга кўра, энг кўп балл тўплаган “Ҳумо-уйлари плюс” бошқарув сервис компанияси 1-ўринни эгаллади ва танловнинг республика босқичида иштирок этадиган бўлди.

Ғолиб, совриндорлар Навоий вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири