
Тошкент шаҳрида “Энг яхши бошқарув органи” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу танлов кўп квартирали уйни бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш, ушбу соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, энг яхши кўп квартирали уйни бошқариш органлари тажрибасини оммалаштириш, мулкдорлар ўртасида умумий мулкни сақлаш, фойдаланиш, уни асраб-авайлашга қаратилган.
Танлов туман (шаҳар), вилоят ва Республика босқичларидан иборат бўлиб, финал босқичига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича сараланган 16 та бошқарув сервис компанияси етиб келди.
Бу босқичда бошқарув сервис компаниялари ўзларининг фаолиятига доир тақдимотлари билан иштирок этмоқда.
Тадбирда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятовнинг танлов иштирокчиларига йўллаган табригини вазир ўринбосари Озода Жўраева ўқиб эшиттирди.
Вазир ўз табригида бошқарув органларининг уй-жой коммунал соҳадаги ўрни, охирги йиллардаги ислоҳотларнинг натижалари ва келгусидаги режалар ҳақида тўхталган.
“Сўнгги йилларда уй-жойларга хизмат кўрсатиш тизими тубдан такомиллашди. Соҳа ривожланиши натижасида бошқарув органлари аҳолига нафақат уй-жой хизматлари, балки қўшимча сервислар ҳам таклиф қила оладиган даражага етди. Шу билан бирга, бугунги кунда уй-жой бошқаруви орқали тадбиркорлик имкониятлари кенгайиб, компаниялар аҳолининг бандлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда”, дейилади табрикда.
Танловда иштирокчилар ўз лойиҳалари ва хизматларини реал шароитда намойиш қилмоқда. 2 кунлик тадбир давомида иштирокчилар нафақат ўз билим ва кўникмаларини намойиш этди, балки бошқарув соҳасидаги энг янги ёндашув ҳамда инновацияларни бўлишди.
Охирги йилларда мамлакатимизда уй-жой фондини бошқариш тизимини тубдан яхшилашга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бошқарув сервис компаниялари фаолиятининг тартибга солиниши соҳада шаффофликни ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Соҳа учун энг муҳим жиҳатлардан бири эса бошқарув органларининг молиявий мустақиллигини ошириш ҳамда уларнинг хизмат турларини кенгайтиришдир.
Бугунги кунга келиб, Бошқарув сервис компаниялари аҳолининг тўловларига боғлиқ бўлиб қолмай, ўзини ўзи ривожлантириш, сервис хизматлар ва тадбиркорликни кенгайтириш орқали даромад олиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Ўтказилаётган танлов эса ушбу соҳада самарали ишлаётган ва ўзини молиявий жиҳатдан барқарор бошқара олаётган компанияларнинг тажрибасини кенг оммага таништириш билан аҳамиятли.
Танлов якунида ғолиб компаниялар аниқланиб, қимматбаҳо совғалар ва бош соврин – “Лабо” автомобили билан тақдирланди. Бу эса бошқарув соҳасида ишлаётган бошқа компаниялар учун ҳам қўшимча мотивация бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uGzMll4dnx8" title="“Eng yaxshi boshqaruv organi” koʻrik-tanlovining Respublika bosqichi oʻtkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА