
Энергия ресурсларини тежаш ҳамда улардан тўғри фойдаланиш мақсадида Бухоро вилоятида табиий газ истеъмолчилари энерготежамкор ускуналардан фойдаланмоқда.
Хусусан, Шофиркон туманининг “Доригар” маҳалласида бўлиб ўтган навбатдаги тушунтириш ишларида маҳалла аҳлининг истеъмол маданиятига эътибор қаратилди. Таъкидлаш лозим, аҳолининг аксар қисми ҳали ҳамон ностандарт газ жиҳозидан фойдаланиб келмоқда. Бунда эса хавфлилик даражаси юқори эканлиги, ачинарлиси, энергия ресурсларининг беҳудага сарфланаётганлиги таъкидланди.


– Ўтган йил ҳисобида туман бўйича 75 555 та, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 1000 тага яқин ностандарт газ жиҳозлари ўрнига янги энерготежамкор газ жиҳозлари ўрнатилди. Жорий йилнинг дастлабки ойларида 15 мингга яқин ўрнатилган энерготежамкор газ жиҳози ҳисобидан 8 миллион метр куб табиий газ тежалди. Шубҳасиз, бу қурилманинг кўпроқ ўрнатилиши ҳисобидан нафақат энергия ресурслари, балки маблағнинг ҳам анчагина қисми иқтисод қилинганини кўриш мумкин, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Алишер Ҳамроев.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.