Сўнгги пайтларда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари кучайтирилмоқда.
Шу йўналишда "Ўзэнергоинспекция" томонидан мунтазам равишда назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Яқинда ўтказилган шундай тадбирлар давомида бир қатор ноқонуний ҳолатлар фош этилди.
Хусусан, "Ҳудудгаз Андижон" ГТФга тегишли газ тўлдириш шохобчасидан тижорат мақсадида ташилаётган 8,1 тонна суюлтирилган газ қонунбузарлик ҳолатида аниқланиб, ушлаб қолинди. Мазкур юк автомобили Андижон вилояти Шахрихон туманининг "Қўрғонча" МФЙ ҳудудидан ўтувчи Андижон–Тошкент автомобиль йўлида тўхтатилган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида жойлашган "F. C. C." МЧЖга тегишли бинода электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш натижасида 266 миллион сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланди.
Яна бир ҳолат Қарши шаҳридаги "М." МЧЖга тегишли нотурар бинода қайд этилган. Унда газ ҳисоблагичисиз тўғридан тўғри тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланилган. Ушбу ҳолат натижасида 310,2 миллион сўмлик зарар етказилган.
Айни пайтда барча ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА