Энергетика тизимида ёшларга эътибор кучаймоқда
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Асроржон Асқаров тизимда фаолият юритаётган ёш мутахассислар билан учрашиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.
Тадбир Президентимизнинг ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Мулоқот давомида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, энергетика тизимининг барқарор ривожи кўп жиҳатдан билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёш мутахассисларга боғлиқ. Шу боис, тизимда фаолият юритаётган ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда инновацион ёндашувларини рағбатлантириш устувор вазифалардан бири сифатида эътироф этилди. Ёш кадрларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш эса соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ёшлар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, касбий ривожланиш имкониятлари, инновацияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини янада такомиллаштиришга доир таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Шундан сўнг учрашувда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни атрофлича ўрганиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш юзасидан масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.

Тадбир якунида бошқарув раиси ва учрашув иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида махсус ажратилган ҳудудда мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиб, кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА