“Ўзэнергоинспекция” томонидан мамлакатимиз энергетика объектларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари чоғида инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар ўрганилмоқда.
Тегишли хавфсизлик талабларига риоя этмаган бригадалар аниқланиб, уларга нисбатан чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 119-сонли трансформатор пунктида таъмирлаш ишларини амалга ошираётган бригада ташкилий ва техник тадбирларни бажармасдан, хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига риоя қилмаган ҳолда ишлаётгани аниқланди. Шу сабабли, мазкур бригада ишдан четлатилди ва хавфсизлик чора-тадбирлари тўлиқ бажарилиши юзасидан кўрсатмалар берилди.
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги "Маданият" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳаво тармоғида кабель тортиш ишларини олиб бораётган бригада ҳам худди шу каби қоидаларни бузгани аниқланди. Бунда ҳам бригада ишдан четлатилиб, хавфсизлик чораларининг ижроси назоратга олинди.
Шу билан бирга, Жиззах вилоятида йирик истеъмолчиларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳам ўрганилди. Жиззах шаҳридаги “MONO electric” ва “QUWWATT texnology” корхоналарида жами 140 кВар қувватли конденсатор қурилмалари ўрнатилиши натижасида ҳар ойда 5 584 киловатт соат электр энергияси иқтисод қилинмоқда. Шу муносабат билан корхоналарга замонавий энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда мутасаддилар таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойларда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида назорат ишларини давом эттирмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА